КЕЧКИ СМЕНА ПУЛЛАРИ УНДИРИБ БЕРИЛДИ
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг меҳнат инспектори томонидан Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида меҳнатга оид қонунчилик талаблари бажарилиши юзасидан ўрганиш ўтказилганда, меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги аниқланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида, Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши белгилаб қўйилган.
Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида 2022-2024 йилларга тузилган Тармоқ келишуви ҳамда Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилоят кенгаши ўртасида 2021-2023 йилларга тузилган Тармоқ келишуви ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 2022-2024 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг бандларида ходимни кечки (18:00 дан 22:00 гача) вақтдаги иш вақти учун ҳар бир соати учун камида 1.25 баравари миқдорида ҳақ тўланиши кўрсатилган.
Меҳнат кодекси, Тармоқ келишуви ва Жамоа шартномаси талаблари бажарилиши юзасидан Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига кечки сменадаги иш вақтлари учун иш ҳақи тўланиши ўрганилганда, ходимларга юқоридаги талаблар асосида 1.25 баравари миқдорида иш ҳақи тўланмаганлиги аниқланди.
Мазкур қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига кўрсатма хати киритилган бўлишига қарамай, кўрсатма талаблари бажарилмаган. Шундан сўнг 11 нафар ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Жорий йил 6 январь кунги суднинг ҳал қилув қарорига асосан Бағдод туман тиббиёт бирлашмасининг 11 нафар ходимларига 2022 йил давомида кечки сменада ишлаган иш вақтлари учун 12 079 764 сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, юқоридаги каби қонунчилик талабларининг бузилиши вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасида ҳам аниқланди. Шифохона раҳбариятига берилган кўрсатма бўйича 7 нафар ходимга жорий йилнинг 5 январь куни 5 830 937 сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Зафаржон Қурбонов,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат хуқуқ инспектори
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: