“Инсон қадри учун” ғояси – асосий мезон
Фарғона вилоятида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” ғояси асосида амалга ошириб, ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича олиб бормоқда.
Ҳа, касаба уюшмаси ҳамиша ходимлар манфаатларини кўзлаб, ҳар бир аъзони моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳаракатидадир. 2022 йилда ҳам иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат – Жамоа шартномаси орқали тизимли ишлар амалга оширилди. Жамоа шартномаларнинг бандларини бажарилиши юзасидан йил якуни бўйича муҳокама йиғилиши ўтказиб келинмоқда. 2022 йил давомида 406 та янги бошланғич ташкилотлар очилиб, 2 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар касаба уюшмасига аъзо бўлдилар.
Касаба уюшмаси ишчи-ходимларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Биргина, 2022 йилда 2646 нафар устоз-мураббийлар, ходимлар имтиёзли йўлланмалар асосида республикамиздаги турли сиҳатгоҳларда соғликларини тикладилар. Улардан 481 нафар малакали раҳбарлар, методис ва юқори кўрсаткичларни эгаллаб келаётган устозлар Президентимизнинг 2020 йил 6 ноярбдаги «Ўзбекистоннинг янги тараккиёт даврида таълим – тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6108-сон Фармонининг 9-банди ижросини таъминлаш мақсадида ўз саломатликларини бепул тикладилар. Бундан ташқари, яна 95 нафар устоз-мураббийларга ҳам бепул йўлланмалар тақдим этилди. Жами 576 нафар тармоқ аъзолари республикамиздаги сиҳатгоҳларда бепул дам олиб, соғликларини тикладилар.
Шунингдек, ёзги болаларни соғломлаштириш мавсумида тармоқ ходимларининг 3168 нафар фарзандлари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида бепул дам олдилар. Мактабдаги 9-10 синф ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” кўрик танлови ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 300 нафар ходимларнинг Хоразм, Самарқанд, Тошкент, Бухоро каби тарихий шаҳарларга, 2 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимларнинг эса вилоятимиздаги тарихий қадамжо ва зиёратгоҳларга бепул саёхатлари ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси шаҳар-туман бўлинма Кенгашлари томонидан Жамоа шартномалари орқали, 2022 йил «Инсон кадрини улуғлаш ва фаол махалла йили» дастурига асосан қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, тармоқ ходимларидан 730 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларининг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаб берилди. 850 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 115 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишларида қимматбаҳо совғалар, 105 нафар ходимларга юбилей саналари муносабати билан эсдалик совғалари ҳамда 330 нафар пенсионерларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган 60 нафар шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга байрамлар арафасида, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 115 нафар ёш оналарга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан 7 нафар энг яхши хорижий тил ўқитувчиларига 1 млн. сўмдан рағбатлантириш пуллари ҳамда 3 нафар соҳа ходимларига “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи томонидан ходимларнинг иш топишда қийналаётган ижтимоий заиф қатлами учун корхона, ташкилот ва муассасаларда банд қилиб қўйилган иш ўринларига фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасида ёлғиз ота-оналар ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналарнинг 817 нафари, таълим муассасаларини тугатган ёшларнинг 3129 нафари, сафарбарлик чақириқ захирасида хизматни ўтаган ва муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларнинг 96 нафари ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашдилар.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси доимо халқ таълими бошқармаси билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Хусусан, касаба уюшма ҳамкорлигида 2022 йилда “Аҳмад Ал-Фарғоний” номидаги дам олиш масканида “Ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда бу борада шахсий масъулиятни янада ошириш” мавзусида Республика семинари, 2022 йилнинг 18-22 июль кунлари халқ таълими бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган хорижий тил фани ўқитувчилари учун 5 кунлик ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Бундан ташқари, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ҳам тармоқ касаба уюшмаси томонидан Қўқон шаҳридаги тантаналар мажмуида ўтказилди. Шунингдек, Тошлоқ туманида вилоятдаги 100 нафар фахрий устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи Жамоа шартномасидан келиб чиқиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 2022 йилда 40 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 23 таси каноатлантирилди, 7 тасига тушунтириш берилди, аризасига бионоан 4 таси кайтариб олинди ва 6 таси тегишлигига асосан бошка органларга юборилди.
Хусусан, касаба уюшма кўмагида Фарғона туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳ.Аҳмаджоновага амалий ёрдам кўрсатилди. У билан 2021 йил 22 майда содир бўлган бахтсиз ҳодиса (автоҳалокат) ҳақида мактаб маъмурияти томонидан белгиланган тартибда тегишли органларга хабар берилмаган. Шу сабабли бахтсиз ҳодиса махсус текширилмаган. Олинган жароҳат оғирлиги даражасидан келиб чиқиб, ТМEК томонидан 2-гуруҳ ногиронлиги умумий асосларда белгиланган. Касаба уюшма мутахассиси навбатдаги ТМEК кўригида қатнашиб, комиссияга Н-1 шаклдаги далолатномани тақдим этган.
Натижада амалдаги норматив ҳужжатларга асосан комиссия бирламчи кўрик далолатномасидаги ногиронлик сабабини меҳнатда жароҳатланиш деб ўзгартириб, 2-гуруҳ ногиронлиги ва 60 фоиз профессионал меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини белгилаб берган.
Мактаб маъмурияти томонидан йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан Фарғона тумани халқ таълими бўлими мудири ҳамда 15-мактаб директорига 2022 йил 1 августда 13-сонли Тақдимнома киритилган. Тақдимномага асосан Ҳ.Аҳмаджоновага Фарғона тумани халқ таълими бўлими томонидан жами 26 млн. сўм зарар тўловлари тўлаб берилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш ўринлики, Фарғона вилоятида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи томонидан устоз-мураббийларга катта эътибор кўрсатиб келинмоқда. Таълим соҳасида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар касаба уюшмаси кўмагини сезишмоқда.
Лолахон Аҳмедова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: