БАРЧА МАҚСАДЛАРГА ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ОРҚАЛИ ЭРИШАМИЗ!
Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини барчамиз оинаи-жаҳон орқали кўриб, матбуот саҳифаларида қайта-қайта ўқимоқдамиз.
Унда бу йилда қилинган ишлар сарҳисоб этилиб, келгуси йилда мамлакатимизни тенглар ичра тенг бўлиб ривожланиши борасида қилиниши зарур бўлган ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, муайян соҳани янада тараққий этиши инобатга олиниб, йилга ном берилди.
Президентимиз 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф этдилар. Албатта, бу таклиф юртдошларимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Йилга бундай ном берилиши халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши, жаҳон илм-марифатига муносиб ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад-ал Фарғоний каби буюк уламолар етишиб чиққан диёримизда ҳали уларнинг давомчилари ҳам камол топиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилишига, инсон қадрини улуғлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига ишорадир, деб биламан.
Ҳа, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.
Замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда. Президентимиз инсон ҳаётида илм-маърифат, маънавият беқиёс аҳамият касб этишини, қолаверса, жаннатмакон Ватанимизни ривожланган мамлакатга айлантиришдек улуғ мақсадимизга халқимизнинг илм-маърифати, маънавиятини янада юксалтириш ҳамда барча соҳаларда жадал ислоҳотларни амалга ошириш орқали эришиш мумкинлигини эътироф этдилар.
Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир.
Сўнгги йилларда юртимизда инсон капиталига юксак эътибор қаратилаётгани тарихий аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, инсон капитали, бу – инсоннинг ўзига ва мамлакатига, халқига фойда келтиришга тайёрлиги даражасидир. Шунингдек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ҳам инсон омилига – тарбия, таълим, билим, соғлиқни сақлаш ва ҳаётини фаровон қилишга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ортаётгани янада қувонарлидир.
Мамлакатимизнинг порлоқ келажаги, равнақи ва барқарорлиги, дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган, бошқача айтганда, инсон капитали соҳиби бўлган бугунги ёшлар қўлида. Шу сабабли Президентимиз томонидан ёшлар тарбиясида энг муҳим қадамлар ташланмоқда. Бу, албатта, яқин келажакда ўз самарасини кўрсатажак!
Аброр Отабоев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: