Оиламизга барака кирди
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни маҳаллаларидан чиқмаган ҳолда даромад топишларига кўмаклашиш мақсадида туман ва шаҳарларда кооперациялар ташкил этилмоқда. Айни пайтда мазкур кооперацияларнинг ташкил этилиши натижасида мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Фарғона вилояти бўйича “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилини йўлга қўйиш мақсадида 60 та кооперациялар тармоғини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларда 20 мингга яқин аҳолининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Айни пайтда Риштон туманида кулолчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Расулов Сухроб Мўминжонович” оилавий корхонасида 100 нафарга яқин хотин-қиз мана шу кооперацияга аъзо бўлиб, иш бошлади. Яхши томони, кооперация аъзоларининг барчасига иш стажи ёзиладиган бўлди. Яна бир қулай жиҳати, тадбиркорнинг ўзи кулолчилик маҳсулотларини кооперация аъзоларининг уйларига олиб боради ва тайёр бўлган маҳсулотни ўзи олиб кетади.
— Корхонамизда тайёрланган кулолчилик маҳсулотларининг асосий қисми хорижга экспорт қилинади, — дейди “Расулов Сухроб Мўминжонович” оилавий корхонаси раҳбари Сухробжон Расулов. — Ишимизга бўлган талаб катта. Йилнинг тўрт фаслида ҳам ишимиз тўхтамайди. Иш кўламини ошириш учун ишсиз хотин-қизларни ишга олдик. Улар ишга жуда тез ўрганиб кетишди. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш миқдори кескин ошди. Уларни ортиқча вақт сарфламасликлари учун маҳсулотларни ўзимиз уларнинг уйига олиб бориб, ўзимиз олиб келамиз. Бажарган ишларига қараб, маош тўланади.
— Қишлоғимиз туманнинг энг чеккасида жойлашганлиги сабаб тузукроқ иш топиш мушкул. Кооперацияга аъзо бўлгинимча бекорчи эдим, — дейди “Чек жалоер” МФЙда яшовчи Сурмахон Аҳмадқулова. — Кооперацияга аъзо бўлгач, оиламизга даромад кириб кела бошлади. Ишимиз пиёла, чойнак, чинни ва товоқларга гул солишдан иборат. Қанча кўп иш бажарсак, пулимиз ҳам шунча кўп чиқади. Ишимизнинг қулайлиги уйимиздан чиқмаган ҳолда даромад топяпмиз. Ҳозир мендан ташқари, қизим ва келиним ҳам шу иш билан банд. Улар ҳам кооперация аъзоси.
Шу маҳаллага келин бўлиб тушган Озодахон Баракаевани қишлоқдошларининг устози деса ҳам бўлади. Бугун Озодахон кооперация аъзоларига идиш-товоқларга гул чизиш ва безак бериш каби ишларни қунт билан ўргатиб келмоқда.
— Кооперацияда иш бошлаган хотин-қизларга кулолчилик маҳсулотларига гул чизишни ўргатяпман, — дейди Озодахон Баракаева. —Мана ҳозир уларнинг аксарияти бу ишнинг устасига айланишди. Қўлидан иш келиб, ўзи мустақил чизишни бошлаган.
Туманда яна бир кулолчилик маҳсулотлари тайёрланадиган “Хайдаров Сахобилло Жиянович” оилавий корхонаси кооперация усулида иш бошлагач, 85 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Умуман олганда, Риштон туманида мана шундай 4 та кооперацияларнинг ташкил этилиши натижасида 846 нафар хотин-қиз ишли бўлади.
Жамшид Эргашев,
журналист.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: