Сиҳатгоҳнинг энг катта ютуғи нимада?
“Чимён санаторийси” нафақат Фарғона вилоятидаги, балки республикамиздаги энг сўлим сиҳатгоҳлардан бири ҳисобланади. Гўзал табиат қўйнида жойлашган сиҳатгохда дам олувчилар учун аъло даражада шароитлар яратилган. Бу ерда бир марта дам олган киши борки, яна шу ерда дам олишга ошиқади.
Саломатлик масканида қўлланилаётган ўзига хос таркибга эга олтингугуртли минерал сув кўпгина касалликларга шифо бўлиши билан ҳамюртларимиз орасида машҳур. Чимён маъданли сувининг таркиби бошқа маъданли сувлардан сульфид-олтингугуртга бойлиги билан ажралиб туради. Бу ердан чиқаётган шифобахш минерал сув Сочидаги “Мацеста” сиҳатгоҳи сувларига айнан ўхшашдир. Шунинг учун ҳам бу гўша йил давомида нафақат маҳаллий, балки хорижлик дам олувчи ва даволанувчилар билан гавжум.
Саломатлик масканида асаб тизими, юрак-қон томир, таянч-ҳаракат аъзолари, гинекологик, урологик, тери касалликлари даволанади. Энг замонавий даволаш анжомлари билан жиҳозланган хоналарда муолажалар олиб борилиши йилдан-йилга бу ерга келувчиларнинг сонини ортишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, муассаса ҳудудининг хушманзаралиги, турли спорт майдончалари дам олувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади. Сўлим манзарали дарахтзорлар, гулзорлар бўйлаб қад ростлаган бинолар ҳам сиҳитгоҳ тароватига ажиб қиёф касб этган.
Жамоанинг энг катта ютуғи шундаки, бу ерда юқори малакали мутахассислар жамланган. Санаторийда барча даволаш хизматларини ўз ичига олган икки қаватли замонавий даволаш биноси, битта тўрт қаватли ва тўртта беш қаватли кўркам ётоқ биноларида даволанувчилар учун барча шароитлар яратилган. Қўли енгил шифокорлар, ширинсуҳан ходимлар ташриф буюрувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатади.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур сиҳатгоҳда мазмунли ҳордиқ чиқариш ва соғлиқни мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Асосийси сиҳатгоҳ ҳамёнбоп ҳамда барча қулайликларга эгалиги, муҳими, беморлар дардига даво бўлаётганлиги билан мижозларга манзур келаяпти.
Дилдора Мирзаматова,
“Чимён санаторийси” Маданият саройи мудираси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: