Фарғоналик муштарийлар билан учрашув
«Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари ижодий жамоасининг Фарғоналик газетхонлар билан учрашуви фикр ва мулоҳазаларга бой бўлди. Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида ташкил этилган учрашувда вилоят журналистлари, зиёлилар, касаба уюшма фаоллари ва газета муштарийлари билан юзма-юз мулоқот қилинди.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда “Ishonch” газетасида чоп этилаётган ранг-баранг мавзудаги мақолалар муштарийларни бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, таҳлилий ва танқидий мақолаларга кенг ўрин берилмоқда.
Шунингдек, газетада Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, тарих, адабиёт, маънавият сингари мавзуларнинг ёритилиши ҳам муштарийларнинг газетага бўлган қизиқишини оширмоқда.
Газетхонларнинг фикрини ўрганиш, қайси мавзулар ўқувчиларни кўпроқ қизиқтиришини билиш мақсадида ташкил этилган учрашувда муштарийлар томонидан газетанинг мазмун-мундарижасини янада бойитиш борасидаги таклиф ва тавсиялари ўртага ташланди.
— Севимли нашримиз ҳисобланган “Ishonch” ҳам ўз обуначилари, ўқувчиларига эга. Охирги йилларда газетада “мих” мақолаларнинг сони кескин ошди. Шунингдек, газета саҳифаларида тараққиётга тўғаноқ бўлаётган омиллар, ён-атрофимиздаги ижтимоий муаммолар дадил кўтарилиб чиқилмоқда. Газетада танқидий, таҳлилий, мушоҳадага чорловчи мақолаларнинг кўпайиб бораётгани эса муштарийларнинг газетага бўлган ишончини янада орттирмоқда, — дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Данғара туман кенгаши раиси Мирзажон Қурбонов.
Шунингдек, муштарийлар томонидан бундай учрашувлар бир йилда бир маротаба эмас, балки тез-тез ўтказилиши ҳар икки томон учун фойдали бўлишини таъкидладилар.
Учрашув давомида ўтказилган викторина саволларига тез ва тўғри жавоб берган фаол муштарийлар таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: