Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари қонуний ишлаяптими?
М.Охунова 2021 йил 17 июлда Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида инспектор лавозимида ишлаб келаётган эди. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабр кундаги ПҚ-31-сон қарорига асосан ишга жойлаштириш инспектори лавозими қисқартирилганлиги сабабли М.Охуновага 2021 йил 27 декабрда Меҳнат кодексининг 102-модда талабига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан 2 ойдан сўнг бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.
Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг 2022 йил 8 апрелдаги 38/1-сонли буйруғига асосан М.Охунова марказнинг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ўтказилган. Буйруқ қабул қилинишига меҳнат кодексининг 92-моддаси ҳамда ходимнинг розилик хати асос қилинган. Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 92-моддасида бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Лекин марказ директори томонидан М.Охунова инспектор лавозимига қайтарилиб, марказнинг 2022 йил 8 апрель кунги 38/1-сонли бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинган.
Буйруқ қабул қилинишига Бош бошқарманинг 2022 йил 30 майдаги М.Охунованинг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ўтказишда амалдаги қонун хужжатларига риоя қилинмаганлиги юзасидан киритилган тақдимномаси асос қилинган.
Тақдимномада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги Низомнинг 27-бандида туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари ҳудудий Инспекция бошлиғининг тақдимномасига биноан тегишли туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши, туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига олий юридик маълумотга эга шахс тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлиги кўрсатиб ўтилган. Яъни, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги эътироф қилинган.
М.Охунова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига бузилган ҳуқуларини тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Натижада кенгаш томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ходим М.Охунованинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг 2022 йил 30 майдаги 51-сонли буйруғи бекор қилиниб, ходим М.Охунова Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ишга тикланди.
М.Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: