100 нафар болажонларга 17 турдаги ўқув-қуроллари ҳамда мактаб сумкаси ҳадя этилди, шунингдек, Фарғона шаҳри бўйлаб саёҳат уюштирилди
Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, аввало, инсонни қадрлашга, халқнинг ҳаётдан розилигига эришиш ва турмуши фаровонлиги, орзу-мақсадлари рўёбини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда, албатта, ёшлар сиёсати, уларнинг таълим-тарбиясига, келажакда комил инсон бўлиб улғайишларига бўлаётган ғамхўрлик Учунчи Ренессансга пойдевор вазифасини бажараётгани қувонарли ҳолдир.
Мана, янги ўқув йили бошланиш арафасида. Ота-оналар фарзандларининг ўқув-қуролию, кийим-бошини янги ўқув йилига ҳозирлаш, дилбандини тенгқурлари орасида ҳеч нарсадан кам бўлмай юриши учун ҳали у бозор, ҳали бу бозорга чопмоқда.
Айни шу кезда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси томонидан хайрли ишга қўл урилди. Вилоятнинг туман-шаҳарларида таҳсил олаётган 100 нафар болажонларга 17 турдаги ўқув-қуроллари ҳамда мактаб сумкаси ҳадя этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ёшлар билан суҳбатлашаркан, уларни мактабда аъло баҳоларга ўқиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган ватанпарвар инсонлар бўлиб етишишларига тилак билдирди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова бошчилигида Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройига, Фарғона вилояти тарихи ва маданияти Давлат музейига ҳамда Фарғона политехника институтига саёхатлар уюштирилди ҳамда бу масканлар ҳақида ёшларга маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари кичик халқа йўли бўйлаб Фарғона шаҳрини айландилар. Унутилмас таассуротларга бой бўлган тадбирда ёшлар учун ширинликлар ҳадя этилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: