Фаолият таҳлил этилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова томонидан таълим ва фан ходимлар касаба уюшмаси шаҳар, туман бўлинма кенгашларининг 2022 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар таҳлили ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган сарҳисоб йиғилиши ўтказилди.
Видеоконферецалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда мазкур тармоқ бўйича вилоятда 1945 та бошланғич ташкилот бўлиб, унда 186 минг 572 нафар аъзо бирлашганини, ўтган давр мобайнида аъзолар ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда ишчи-ходимларнинг иш шароити, меҳнат хавфсизлиги масалаларидаги муаммолар ўз ечимини топиб, муассасаларда тузилаётган жамоа жартномаларининг мавқеи ошди. Жамоа шартномаларига асосан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси томонидан касаба уюшма аъзолари сафини янада кенгайтириш, аъзолик афзалликларини тушунтириш орқали нодавлат ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшма аъзолигига жалб қилиш бўйича муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, мазкур йўналишда шу йилнинг яримига қадар мўлжаллаб тузилган “Йўл харитаси” асосида 193 та нодавлат секторда бошланғич касаба уюшма қўмитаси тузилиб, у ерда меҳнат қилаётган 596 нафар ишчи-ходим аъзоликка қабул қилинди.
Таълим ва фан ходимлар касаба уюшмаси шаҳар, туман бўлинма кенгашларига аъзо бўлган ва янги аъзоликка қабул қилинган ташкилот ва муассасаларнинг фаолиятларини Устав талаблари бўйича намунали тарзда олиб борилишига амалий ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам иш режасига асосан амалга ошириб келмоқда. Жумладан, бошланғич ташкилотлар фаолиятини меъёрий ҳужжатлар асосида олиб бориш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида тузилган тармоқ келишуви ва жамоа шартномалари бандларининг бажарилишини тўлиқ таъминлаш, шу билан бирга, бошланғич касаба уюшма раисларининг ишни тўғри ташкил этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилиб, намунали бошлангич ташкилотлар ташкил этилди ва улар бугунги кунда зарур булган стендлар билан жиҳозланди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан аъзоларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилиши доимий назоратга олинган.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида шаҳар ва туман бўлминмаларига жами 5 минг 291 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 4 минг 977 та ёзма, 284 таси оғзаки мурожаатлардир. Шу кунгача келган мурожаатларнинг 4 минг 942 таси қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилди. 137 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган бўлса, яна 4 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа органларга юборилди.
Жорий йилнинг 6 ойи даврида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти шаҳар, туманлар кенгашига аъзо ташкилотларда фаолият кўрсатётган 2 минг 254 нафар ходимлар, шундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қарори асосида Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги халқ таълими бўлимлари методистлари ва мактаб директорлари, туман ва шаҳарлар кесимида рейтингда юқори натижа қайд этган 318 нафар педагоглар бепул йўлланмалар асосида юртимиздаги сўлим санаторий ва дам олиш уйларида ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамладилар.
Янги ўқув йилининг бошланиши ва мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан таълим тизимида меҳнат қилиб келаётган, кам таъминланган, эҳтиёжманд, “Аёллар дафтари”га киритилган оила фарзандларининг 400 нафарига мактаб ўқув қуроллари совға қилинди.
Йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгуси ишларни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: