Энди ҳар йили сиҳатгоҳда дам оламиз
Ота-она учун энг катта бахт фарзандларининг бахту камолини кўришдир. Биз ҳам бугунги дориламон кунларда фарзандларининг ортидан роҳат кўраётган оила эканлигимиздан баҳтиёрмиз. Рафиқам Ферузахон билан 2 ўғил, 1 қизни вояга етказиб элга қўшдик.
Ўғлимиз Аброржон ҳозирда давлат хизматчиси, юртимиз ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Қизимиз Гулнозахон Қўқон Давлат педагогика институтида таҳсил олди, бугунги кунда мактабда инглиз тилидан ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Азаматжон ўғлимиз эса Қўқон Давлат педагогика институтида таҳсил олмоқда, унинг ҳам келажакдаги режалари бисёр.
Ёзнинг мунаввар тонгида оилавий нонушта қилиб ўтирган эдик. Бирдан ўғлимиз Аброржон “Дада, бир сиҳатгоҳга бориб аям билан дам олинг келинглар”, дея қўлимга сиҳатгоҳга йўлланмани тутқазди. Рости алланечук ҳаёжон пайдо бўлиб, хурсандчиликдан димоғимга бир нима тиқилди. Албатта, бу ҳам фарзандларга берилган яхши тарбия аломатидир. Фарзандларимизни яна дуо қилиб алқадик.
Мен Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши томонидан берилган йўлланма билан рафиқам узоқ йиллардан буён Учкўприк туман кўп тармоқли марказий поликлиникада болалар офтолмологи вазифасида ишлагани учун у иш жойидан йўлланма олди. Иккимиз бирга Чимён сиҳатгоҳида дам олмоқдамиз.
Рости илгари ҳеч сиҳатгоҳда дам олмаган эдик. Бу ердаги шароитлар, даво муолажалари бизга жуда маъқул бўлди. Энди ҳар йили бир маротаба сиҳатгоҳга келишни ният қилдик.
Арабжон Фозилов,
Учкўприк тумани.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: