“Кварц” АЖнинг ходимига 29 млн.дан зиёд маблағ ундириб берилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига меҳнат муҳофазасига оид масалалар бўйича фуқаролардан тушётган ёзма ва оғзаки мурожаатлар жойида ўрганилиб, иш берувчилар томонидан йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Мурожаатларни ўрганиш давомида киритилган тақдимномалар талабларига асосан фуқароларнинг поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқлари қонуний тикланмоқда.
Жумладан, Қувасой шаҳар “Чўлпон” МФЙ ҳудудида яшовчи А.Асқаров “Кварц” АЖнинг автоулов бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишлар эди. У 2021 йил 13 ноябрда бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан мазкур ҳолат ўганилганда А.Асқаров билан бўлган бахтсиз ҳодиса ташкилот томонидан амалдаги қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар талаби асосида ўрганилиб, тегишли хулоса қилинмаганлиги аниқланган.
Ўрганиш давомида мазкур ҳодиса бўйича маъмуриятга тақдимнома киритилиб, ҳолат ишлаб чиқариш билан боғланган ва Н-1 шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилган.
Тиббий меҳнат экспертизаси далолатномасига асосан зарур тўловлар ҳисоб-китоб қилиниб, 1 016 964 сўм ойма-ой тўланиши лозим бўлган ҳамда 28 508 929 сўм бирйўла тўланадиган нафақа белгиланган. Ўрганиш натижасига кўра, “Кварц” АЖ маъмурияти томонидан А.Асқаровга жами 29 525 893 сўм тўловлар ундириб берилишига эришилди.
Бир сўз билан айтганда, инсон қадри улуғ ҳисобланган юртимизда, албатта, фуқароларнинг ҳуқуқлари қадр топгайдир!
Ш.Рахимходжаев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: