Қорақалпоғистонлик хотин-қизлар Фарғонанинг сўлим гўшасида саломатлигини мустаҳкамламоқда
Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Аёллар дафтари”нинг учинчи босқичи доирасида рўйхатга олинган қорақалпоғистонлик 100 нафар хотин-қизлар Фарғона вилоятига таклиф этилди.
Қорақалпоғистонлик аёллар Марғилон темирйўл вокзалида тантанали кутиб олиниб, Фарғона туманининг мафтункор гўшасида жойлашган “Чимён” пансионатига жойлаштирилдилар. Энди улар 12 кун давомида ушбу сўлим гўшада дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлайдилар.
Саломатлик масканида дам олувчилар учун 2,3,4 кишилик хоналар ҳозирланган бўлиб, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Асосийси, уларнинг муолажалари учун сиҳатгоҳнинг юқори малакали мутахассислари жалб этилган.
— Биз қорақалпоғистонлик аёлларни Фарғонача лутф, ўзгача ҳурмат билан кутиб олишди. Бундай эъзоздан бошимиз осмонга етди, — дейди бўзатовлик Гулнара Юсупова. — Бахтни қаранг, Президентимизнинг биз аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлиги сабаб мана шундай чиройли гўшада саломатлигимизни мустаҳкамлаяпмиз. Очиғини айтсам, 60 ёшга кирган бўлсамда, бирор марта сиҳатгоҳга бормаганман. Бизга кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан бехад шодмиз.
— Сиҳатгоҳнинг ширинсухан ходимлари бизни ажойиб тарзда кутиб олишди. Озода ва шинам хоналарга жойлаштиришди, — дейди Нурсулув Тўлаваева. — Эрта-ю кеч сиҳатгоҳ ходимлари олдимизда парвона. Яратилган шароитлар аъло даражада. Муолажаларни олиб, кундан-кунга тетик бўлиб боряпмиз. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шундай меҳрибон юртбошимизнинг борлиги, биз учун энг катта бахтдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларга кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик инсон қадри улуғланаётган юртимизда мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами олдидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоянинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Жамшид Эргашев.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: