Шоҳимардонда яна болаларнинг шодон кулгиси янграмоқда
Фарғона вилоятининг анклав ҳудудида жойлашган Шоҳимардон қишлоғидаги болалар оромгоҳи яна ўз фаолиятини бошлади.
Маълум сабабларга кўра илгари «Ипакчи» номи билан ишлаб келган ушбу болалар оромгоҳи 1998 йилда буткул ёпилган эди. Қарийб чорак асрдан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан оромгоҳда яна ўғил-қизларнинг шодон кулгиси янграмоқда.
Халқ депутатлари Фарғона тумани Кенгаши депутати Рустамжон Каримовнинг қайд этишича, атрофи пурвиқор тоғ билан ўралган сўлим оромгоҳда жорий мавсумда 3 навбатда Фарғона тумани, хусусан, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлари мароқли дам олиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Айни пайтда уларнинг 80 нафари оромгоҳда ёзги таътилни мазмунли ўтказмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, эзгу мақсад йўлида бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Келажагимиз ворислари ўзлари қизиққан фан, спорт тўгаракларига қатнашиши учун барча қулайликлар яратилди. Оромгоҳда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари билан бирга ҳудуддаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бепул йўлланмалар асосида дам олишлари мумкин.
Фарғона тумани тиббиёт бирлашмасида кичик тиббий ходим бўлиб ишловчи Шарифа Рўзибоева фарзанди Азизбек Собиров «Шоҳимардон» оромгоҳига келганидан жуда ҳам мамнун.
— Тенгдошларим билан мазза қилиб ўйнаяпмиз, — дейди Азизбек онасининг бағрида эркаланиб. — Бу ерда жуда кўп дўстлар орттирдим. Ҳар куни табиатга саёҳатга чиқамиз, қўшиқ айтамиз, спорт билан шуғулланамиз. Энди ҳар йили ёзда шу ерга келаман.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: