Қирғизистонлик ўғил-қизлар “Тонг”да ҳордиқ чиқармоқда
28 июль куни Қирғизистонлик 54 нафар ўғил-қиз Фарғона туманининг қир-адирлар қўйнида жойлашган “Тонг” болалар оромгоҳига ҳордиқ чиқариш учун таклиф этилди. Улар катта тантана билан оромгоҳда кутиб олинди. Айни пайтда сўлим гўша икки қардош элнинг шодон кулгуси билан файзга тўлган. Оромгоҳда болажонларнинг дам олиб, кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган.
— Оромгоҳимизга биринчи марта қирғизистонлик ўғил-қизларнинг келиши. Уларнинг ташрифидан бошимиз осмонга етди, — дейди оромгоҳ раҳбари Хуршидбек Абдуллаев. — Уларни хушнуд этиш учун бир-биридан ажойиб дастурларни тайёрлаб қўйганмиз. Албатта, қирғизистонлик болажонлар оромгоҳдан катта таассуротлар билан қайтишади. Қолаверса, бу йилги мавсумга пухта ҳозирлик кўрганмиз. Янги бассейн қуриб, фойдаланишга топширдик. Эски ювиниш хоналарини бузиб, 16 ўринли янги ювиниш хоналарини қурдик. Мавжуд ётоқ биноларини мукаммал таъмирдан чиқардик. Тўгараклар сонини кўпайтирдик.
Ҳозирда оромгоҳда рус, инглиз ва корейс тили, компьютер саводхонлиги, рақс, сузиш, футбол, волейбол каби ўндан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
— Қирғизистонлик тенгдошларим билан бирга дам олаётганимдан хурсандман, — дейди Шахина Шарипова. — Улар билан тезда дўстлашиб, қалин дугона бўлиб қолдик. Ҳозир биргаликда, тўгаракларга қатнашяпмиз.
— Очиғи, Қирғизистонлик тенгдошларимни оромгоҳга келишини эшитиб роса суюнган эдим. Улар билан тез тил топишиб кетдик. Улар бизни Қирғизистонга меҳмонга таклиф қилишмоқда, — дейди Элнора Бакиржонова.
— Ўзбекистонга келишни, бу ерда дўстларим бўлиши жуда-жуда истардим. Мана бугун “Тонг” оромгоҳида дам олиб, кўпгина дўстлар орттиряпман, — дейди Қирғизистондан келган Нурсултон Турсунқулов. — Бу ерда Ҳасан, Ҳусан, Искандарбек исмли дўстлар билан танишдим. Улар самимий йигитлар экан. Ҳар куни биргаликда футбол, теннис, шахмат ўйнаб кунимизни мароқли ўтказяпмиз. Агар келаси йил ҳам Ўзбекистонга оромгоҳга чақиришса, албатта, келаман.
— Бу ерда дам олаётган Ўзбекистонлик қизлар бизни яхши кутиб олишди. Кайфиятимиз аъло даражада, — дейди Қирғизистонлик Гулнур Маъмириддинова. — Дугоналарим билан маза қилиб ўйнаяпмиз, бирга сайр қиляпмиз. Бу ер менга ёқди. Асосийси, Ўзбекистонлик дугоналарим борлигидан хурсандман.
Болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар бир кунга алоҳида дастурлар белгиланган бўлиб, бунда турли учрашувлар, маданий тадбирлар, театр томошалари, концерт дастурлари уюштирилмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: