Қорақалпоғистонлик ўғил-қизлар “Коинот”да дам олмоқда
20 июль куни Қўқон темирйўл вокзалида қорақалпоғистонлик 300 нафар ўғил-қиз тантанали кутиб олиниб, “Коинот” оромгоҳига кузатилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан айни пайтда Қорақалпоғистонлик 300 нафар ўғил-қизлар ёзги таътилни Қўқон шаҳридаги “Коинот” болалар оромгоҳида ўтказишмоқда. Сўлим ва баҳово гўшада жойлашган масканда Оролбўйидан келган болаларни мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган.
— Оромгоҳмизда Қорақалпоғистондан келган ўғил-қизларни мазмунли дам олдириш, уларнинг ҳар бир кунини ўзига хос, кўнгилли ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Ҳусанжон Қосимов. — Оромгоҳда болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун пухта тадбирлар режасини ишлаб чиқилган бўлиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. Ишонч билан айта олманки, қорақолпоғистонлик ўғил-қизлар “Коинот”дан унутилмас таассуротлар билан қайтишади.
Оромгоҳларда ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати мазмунли ўтишига алоҳида аҳамият берилган. Қолаверса, масканда ўқувчиларнинг мароқли ва мазмунли дам олишлари учун ўнга яқин тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.
— Мен ушбу оромгоҳга келганимдан жуда ҳам мамнунман. Оромгоҳ жудаям салқин экан. Бир пастда йўл чарчоғимиз чиқиб кетди, — дейди қорақолпоғистонлик Муса Канназаров. — Сузишни яхши кўрар эдим. Бу ерда катта бассейн бор экан. Энди дўстларим билан маза қилиб чўмиламиз.
— Катта бўлсам учувчи бўлмоқчиман. Бу ерда менга ёққан “Авиа модел” тўгараги бор экан. Тўгарак раҳбаридан авиа модел ясаш ва йиғишни қунт билан ўрганаман, — дейди Элликқалъа туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шахзод Каримбоев.
— Бу ерда устозлардан рус ва инглиз тилини астойдил ўрганаман, — дейди бўзатовлик Жансая Қутлымуратова. — Чунки, ҳозир хорижий тилларни ўрганиш жуда ҳам муҳим. Кутубхонада китоблар кўп экан, оромгоҳдан кетгунимча ўзимга ёққан китобларни ўқиб тугатаман.
— Ёзги таътилни Фарғонанинг сўлим гўшасида ўтказишимдан хурсандман, — дейди Нукус шаҳридан келган 6-синф ўқувчиси Умида Закаяева. — Йўл-йўлакай янги дўстлар билан танишиб, вақт ўтганини ҳам билмай қолибмиз. “Коинот”даги вақтимиз эсда қоларли ва таассуротларга бой ўтказишга ишонамиз.
“Коинот”даги болаларнинг билим ва маҳоратларини ошириш учун футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, расм, рақс, адабиётшунослар, рус ва инглиз тили каби тўгараклар ташкил этилган. Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган тўгаракларда тенгдошлари билан бирга иштирок этиб, билимларини мустаҳкамлашлари учун барча шароитлар яратилган.
Таътилда болаларнинг мириқиб дам олиши учун қизиқарли маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилади. Таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, турли танловлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилган.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: