Сўхлик болаларнинг орзуси ушалди
2022 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Фарғона вилоятининг Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Сўх” номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси, кенг жамаотчилик вакиллари, зиёлилар, элимиз ардоғидаги устоз ва мураббийлар, таниқли ижодкор ва санъаткорлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этдилар.
Тадбирда ташкилотчилар бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.
— Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътиборлари натижасида ўтган 5 йил ичида Сўхда улкан тарихий янгиланишлар амалга оширилди, — дея таъкидлади ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов. — Давлатимиз раҳбарининг “2020 йил 8 августдаги 2020-2021 йилларда Фарғона вилояти Сўх тумани комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда унинг ижроси натижасида амалга оширилаётган ўзгаришлар фикримизнинг ёрқин далилидир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, бундан атиги 5-6 йил илгари кимдир Сўхга вилоят марказидан авиарейслар қатнови йўлга қўйилади, сўхлик ёшлар учун олий таълимда махсус грандлар ажратилади, турли имтиёзлар берилади, деса биров ишонмас эди. Буларнинг барчаси юртбошимизнинг ўз халқига, хусусан, сўхликларга бўлган қайноқ меҳри ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир! Бугун тантанали равишда фойдаланишга топширилаётган ушбу мухташам ва замонавий типда бунёд этилган иншоот — “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам Президентимиз ташаббуси ва эътиборлари натижасидир.
Шунингдек, тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Сўх тумани аҳолисига, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, эҳтиёжманд оилаларга яратилаётган шарт-шароитлар, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона алоқаларининг янада мустаҳкамланиши учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритилди.
Умумий майдони қарийб 5 гектар бўлган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, ёзги мавсум давомида 5 навбатда жами 1000 нафар ўғил-қиз дам олдириш ва соғломлаштиришга мўлжалланган. Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 27 млрд. 560 млн. сўм маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.
Бу масканда ўғил-қизлар мириқиб ҳордиқ чиқариши билан бирга, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини оширишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган.
— “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳар бир навбатда 200 нафар бола қабул қилиниб, мавсум давомида жами 1000 нафар ўғил-қизни соғломлаштириш режалаштирилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Таваккал Эркаев. — Оромгоҳда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналар замонавий ускуналар билан таъминланган. Оромгоҳда ишга тушиши натижасида 50 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасида олиб борилаётган кенг кўлами ишлар ва уларнинг натижалари нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият кўрсатади. Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, Сўх аҳли фарзандлари учун Президентимизнинг ажойиб туҳфаси бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлар ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий ахборот ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган саловатли тантаналар майдони, ярим очиқ амфитеатр, тиббиёт хонаси, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи сузиш ҳавзаси, спорт ва болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, шийпонлар, ложувард фаввора, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювуниш хоналари барпо этилиб, замонавий мебеллар ва жиҳозлар билан таъминланди ҳамда болажонлар ихтиёрига топширилди.
Шунингдек, дам олиш масканида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Оромгоҳда ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари ҳам барпо этилди. Ушбу иншоотларнинг барчаси болажонларнинг ҳар томонлама камол топишига, маънан ва жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етишларига хизмат қилишига шубха йўқ.
Ушбу масканда болажонлар ҳордиқ чиқариш баробарида, хорижий тиллар ва компьютер бўйича билимларини ошириш, рассомчилик, шахмат-шашка, мусиқа каби тўгаракларга қатнашиш имконига эга бўладилар.
— Гапни ростини айтганда, шу пайтгача сўхлик ўғил-қизлар вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги болалар оромгоҳларига олиб борилар эди,— дейди Таълим ва фан ходамлари касаба уюшмаси Сўх туман кенгаши раиси Муҳаммаджон Суюнбоев. — Бу эса албатта, болаларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, ота-оналарнинг хавотири каби бир қатор муаммоларни келтириб чиқарар эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сўхда замонавий болалар оромгоҳи қурилишининг бошланиши ва фойдаланишга топширилиши эса катта воқеа бўлди. Энди сўхлик ўғил-қизлар бошқа ҳудудларга эмас, ўзлари яшаб турган тумандаги замонавий оромгоҳда ҳордиқ чиқарадилар.
Тантанали тадбирда янги барпо этилган оромгоҳнинг ҳақиқий эгалари бўлган сўхлик азиз болажонларга “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг рамзий калити, дам олиш маскани учун эса Дамас автомашинаси топширилди.
Оромгоҳ мавсумнинг илк навбатида ўз бағрига 200 нафар сўхлик ўғил-қизни қабул қилиб олди. Уларнинг барчаси тумандаги кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлиб, уларнинг барчасига бепул йўлланмалар берилди. Энди улар 12 кун давомида янги оромгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқарадилар.
— Оромгоҳнинг илк дам олувчиси эканимдан жудаям хурсандман, — дейди Нургул Жўрабоева. — Сўхлик тенгдошларим билан оромгоҳларга бориб, мириқиб ҳордиқ чиқаришни орзу қилар эдик. Аммо бунинг учун туманимизда оромгоҳ йўқ эди. Мана бугун мухтарам Президентимизнинг биз сўхликларга ғамхўрлиги сабаб орзуларимиз рўёбга чиқди. Туманимизда барча шароитларга эга замонавий оромгоҳ қурилди. Биз бундан ғоят шодмиз. Оромгоҳдаги барча болалар номидан давлатимиз раҳбарига бизга мана шундай чиройли оромгоҳни туҳфа қилганликлари учун миннатдорлик билдираман. Биз сўхлик ёшлар бунга жавобан, яхши ўқиб, жонажон юртимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб улғайишга ваъда берамиз.
Одинахон Шамсиддинова Сўх туманидаги 4 мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Унинг қизи Мехрона Шамсиддиновага янги очилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариши учун бепул йўлланма берилди.
— Қизим Мехронага бепул йўлланма беришларини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим, — дейди Одинахон Шамсиддинова. — Мени ҳам оромгоҳнинг очилиш маросимига таклиф этишди. Оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар, ётоқхона, ошхона, тўгарак хоналари билан таништиришди. Рости бу ердаги шароитларни кўриб, эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлдим. Бир сўз билан айтганда, шароитлар аъло даражада. Қордек оппоқ чойшаблар-у ёпинчиқлар, шинам ва ёруғ тўгарак хоналари кишини ҳавасини келтиради. Қизим мана шундай ажойиб масканда дам олаётганидан шодман.
— Ҳаётим давомида биринчи бор оромгоҳга келишим, — дейди 6-синф ўқувчиси Шарофиддин Хабибжонов. — Бу ердаги шароитлар менга ёқди. Энди бу ерда дўстларим билан футбол, шахмат-шашка ўйнаб кунимизни мароқли ўтказамиз.
— Қишлоғимизда оромгоҳ очилганини айтиб, ҳамма қариндошларимизга мақтаниб чиқдим, — дейди Дилфуза Мамажонова. —Кутубхонада мен ёқтирган китоблар кўп экан. Оромгоҳ тугагунча бу китобларни ўқиб тугатаман. Бу ерда компьютер саводхонлиги ва , рассомчилик тўгарагига қатнашмоқчиман.
Тадбир ташкилотчилари томонидан ўзларининг фидоий меҳнатлари учун муносиб тақдирланган инсонлар яна бир бора самимий қутландилар.
Республикамизнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлган Сўх туманининг шириндан-шакар болажонлари учун барпо этилган оромгоҳни эса соғломлаштириш мавсумининг 1-навбатида дам олиш учун келган 200 нафар ўғил-қизнинг шўх-шодон кулгилари-ю, улар ижросидаги куй ва қўшиқлар садолари қуршаб олди.
Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими санъат усталари ва болажонлар ижросидаги концерт дастурлари билан ниҳоясига етди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: