Байрам табриги
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раисининг байрам табриги
Азиз ва муҳтарам Фарғоналиклар!
Қадрли касаба уюшмалари фаоллари!
Барчамизга маълумки, бундан 29 йил аввал демократик тамойиллар асосида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда янги жамиятнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ белгилаб олинган бозор иқтисодиётига йўналтирилган демократик давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, одил фуқаролик жамияти барпо этиш каби улуғвор мақсадларга эришишда Бош Қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ватанимиз миллий тараққиёт йўлининг асоси бўлмиш Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча ижтимоий-сиёсий соҳаларида кенг имкониятлар яратди. Унда белгиланган халқ ҳокимияти асослари нафақат халқаро ҳуқуқнинг норма ва қоидаларига, балки ўзбек давлатчилиги ривожининг анъана ҳамда миллий ҳуқуқий қадриятларига ҳам айнан мос келади.
Бош Қомусимизнинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири шуки, унда халқимиз ҳамиша юксак қадрлайдиган бағрикенглик, олижаноблик, ўзаро меҳр-оқибат каби юксак инсоний фазилатлар ҳуқуқий жиҳатдан ўз амалий ифодасини топган. Бунга мамлакатимизда коронавирус касаллиги аниқланиб, илк карантин эълон қилинган кундан бошлаб яна бир бор барчамиз гувоҳ бўлдик. Боиси кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, фаоллар, кўнгиллилар меҳр ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ўзаро ёрдам қўлини чўзиб, кўмаклашдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Конституциямиз шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиш ғоясини ўзида мужассам этиб, шу мақсадларга эришишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Унинг ҳар моддасида инсон манфаатлари мужассамдир.
Азизлар!
Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятлардан барчамиз фаол қатнашмоқдамиз.
Бу йил Асосий қонунимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллигини байрам қилмоқдамиз. Ана шу муқаддас сана билан барчаларингизни самимий табриклайман. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, Ватан тараққиёти, яратувчанлик ва бунёдкорлик борасидаги ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман.
Э.Нуралиев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: