“Менинг Президентим” танловида иштирок этинг ва ғолиб бўлинг!
Ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларни жадаллаштириш, уларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан 2021-йил ноябр-декабр ойларида умумтаълим мактабларининг
10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови ташкил этилди.
Танлов қуйидаги мақсадларни ўч ичига олади:
Янги Ўзбекистонда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш жараёнларини ўқувчилар томонидан қандай қабул қилинаётганлигини аниқлаш;
ўқувчиларда мамлакатимизда кечаётган турли ислоҳотларга, унинг келажагига нисбатан дахлдорлик ҳиссини шакллантириш;
ижодий ишлар орқали ўқувчиларнинг мамлакатимизда кузатилаётган ривожланиш жараёнларида республика ҳукумати ва раҳбариятига йўналтирилган таклиф ва мулоҳазаларини аниқлаш;
ўқувчиларда ёзиш, ўрганиш, ижодий, танқидий, ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш.
Танлов тўрт босқичда ташкил этилади:
Биринчи босқич – мактаблардаги 10-11-синф ўқувчилари иштирокида 2021-йилнинг 20 ноябрь – 4 декабрь кунлари “Янги Ўзбекистон мени нигоҳимда” мавзусида эссе ёзилади.
Энг яхши деб топилган 1 нафар эссе муаллифи ғолиб деб топилади.
Иккинчи босқич – барча умумий ўрта таълим муассасаларидан 1 нафардан аниқланган ғолиблар 2021-йилнинг 6–14 декабрь кунлари туман, шаҳар босқичида “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” мавзусида иншо ёзишади.
Энг яхши деб топилган 1 нафар иншо муаллифи ғолиб деб топилади.
Учинчи босқич – барча туман (шаҳар)лардан аниқланган ғолиблар 2021 йилнинг 15-20 декабрь кунлари вилоят босқичида “Менинг Президентим” мавзусида тақдимот тайёрлайдилар ва ўз ишларини 15 дақиқа давомида ҳимоя қилиб беришади.
Энг яхши деб топилган 3 нафар тақдимот муаллифи ғолиб деб топилади.
Тўртинчи босқич – ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан ғолиб бўлган ўқувчилар 21-25 декабрь кунлари ўтказиладиган Республика босқичида “Менинг Президентим” мавзусида тақдимот тайёрлаб, ўз ишларини ҳимоя қилиб беришади. Танлов якунида ғолиблар аниқланади.
Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:
Республика босқичида 1,2,3 ўринлари қўлга киритган ғолиблар
2022-2023 ёки 2023-2024-ўқув йилида республикадаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда, уларнинг мос равишда:
1-ўрин соҳибига 3 йиллик тўлов-шартнома маблағларини,
2-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағларини,
3-ўрин соҳибига 1 йиллик тўлов-шартнома маблағларини тўлаб берилади.
Давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинса мос равишда:
1-ўрин соҳибига 3 йиллик тўлов-шартнома маблағлари,
2-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағлари,
3-ўрин соҳибига 1 йиллик тўлов-шартнома маблағлари миқдорида мукофотланадилар.
Танловнинг Республика босқичининг 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолибларнинг умумтаълим муассасасидаги устозлари мос равишда 30,0 млн., 20,0 млн., ва 10,0 млн. сўм пул маблағлари билан мукофотланадилар.
Шунингдек, Республика босқичининг барча иштирокчилари ва танловнинг республика босқичи ғолиблари таълим олаётган умумтаълим мактаблари директорларига биттадан ноутбук топширилади.
Танловда иштирок этиб, ўз иқтидорингизни намоён этинг ва қимматбахо совғаларга эга бўлинг.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: