Ҳаётбахш ислоҳотлар замирида – ёшлар манфаати
Мамлакатимиз тараққиёти ҳар томонлама комил шахс бўлиб улғаяётган навқирон авлоднинг таълим тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг энг устивор йўналишларидан биридир. Ватан тақдирига дахлдор эканлигини ҳис қилиб яшаш ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг муқаддас бурчидир, деб биламан.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласига устувор вазифа сифатида катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар мухайё қилинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга барча шаррт-шароитларни муҳайё этишга алоҳида эътибор қаратилди. 2021 йил –“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Ушбу Мурожаатномада мамлакатимизни тенглар ичра тенг қилиш, янада ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, ёшларга эътибор яна бир катта ошди. Хусусан, Мурожаатномада боғча ёшидаги ҳар бир болани мактабгача таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароит яратиш;
– Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш;
– Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш;
– Мамлакат тараққиётининг замини бўлган илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш;
– Ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
– Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жорий йил 21 апрель санасида қабул қилинган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эса ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижалари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда катта туртки вазифасини бажаради.
Қарор билан 2023 йил 31 декабрга қадар Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:
– тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади;
– устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этилади.
Бундан ташқари, Юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги навбатдаги дастуриламал ҳужжатларнинг бири бўлди.
Фармон билан Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан банд қилиш, қўшимча даромад олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича 2021 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади.
Барчамизга маълумки, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳам устувор вазифалар қаторида турибди. Президентимиз Фаромни билан бу борадига ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. АТ “Халқбанки”нинг ҳудудларда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни бизнесга тайёрлаш, маслаҳат бериш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Юз минг тадбиркор хотин-қизлар” лойиҳасини амалга ошириши белгилаб берилди. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ихтисослашуви ва бошқа хусусиятларини инобатга олиб, қиймати 33 миллион сўмгача бўлган тайёр бизнес-режалар банкини яратиш кўзда тутилмоқда.
Ўттиз ёшгача бўлган хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, мос йўналишлар бўйича ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик каби бошқа йўналишлар малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва ўқув тренинглари ташкил этилади. Натижада хотин-қизлар ҳам ҳунарли бўлиб, ўзларини ўзларииш билан таъминлайдилар.
Бугунги кунда Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳам “Ёшлар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи юртдошларимизни иш билан таъминлаш, даромадларини оширишга кўмаклашишга катта эътибор берилмоқда. Бунда Президентимиз томонидан имзоланаётган ҳаётбахш фармон ва қарорлар дасуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Аброр ОТАБОЕВ,
Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Ёшлар масалалари бўйича раис маслахатчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: