Ёшлар ва аёллар масаласи анкета сўровномасида акс этган
Мана бир неча кундирки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Бешариқ туманида уйма-уй юриш орқали ишсиз ёшлар ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож аёлларнинг турмуш шароити, қолаверса, уларнинг ҳаётига оид масалаларни чуқур ўрганиб келмоқда. Хусусан, ЎзКУФК раиси ўринбосари Шавкат Жавлонов Бешариқ туманида фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳнинг иш фаолияти билан танишди. Иш кўламини ошириш, ўрганиш ишларини яна жонлантириш бўйича ишчи гуруҳ вакилларига ўз таклиф ва тавсиялари бериб ўтди. Раиси ўринбосарининг ўзи ҳам хонадонма-хонадон юриб, ўрганишларда бевосита иштирок этди. Дастлабки ўрганилган хонадон “Файзиобод” МФЙ Файзиобод кўчасида яшовчи саксон ёшни қаршилаган Зовра Маражапованинг уйи бўлди. Ўрганишларда онахон анча вақтдан бери ҳаста бўлиб, бир жойда ётганини маълум қилди. Шу оннинг ўзида Зовра аянинг саломатлигини мустаҳкамлаши ва оёққа туриши учун масъулларга топшириқ берилди. Кўп ўтмасдан тиббий ходимлар етиб келиб, онахонга муолажалар қилишни бошлади. Касаба уюшмалари томонидан берилган озиқ-овқат маҳсулотлари Зовра аяни кўнглини яна кўтарди. Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили “Тошариқ” МФЙда яшовчи Комила Маҳкамованинг хонадони бўлди. Айтиш керак, ушбу хонадон “темир дафтар” рўйхатида туради. Шу боис ҳам ишчи гуруҳ вакиллари хонадон аъзоларининг ҳар бири батафсил суҳбатлашди. Оиланинг даромади, топиш-тутиши, хонадоннинг фаровон ва тўкис яшаши, уларни қандай муаммолар қийнаётганигача сўралди. Мулоқотлардан сўнг хонадон соҳиби Комила Маҳкамова ишчи гуруҳ вакилларига 1992 йилда туғилган қизи Оқила Мўйдинова туғма ногиронлиги, “қўлиюпқалик” қилиб унга ногиронлик аравачиси олиб бера олмаётганлигини айтди. Унинг бу муаммоси, шу куннинг ўзи ҳал этилиб, Оқилахонга ногиронлик аравачиси туҳфа қилинди. Ишчи гуруҳ билан суҳбатда Комила Маҳкамова яна бир масалада қизи алоҳида қаровга муҳтожлиги боис ҳеч қаерда ишлай олмаслигини айтди. Ишчи гуруҳ вакиллари бу масалада ҳам кўмак кўрсатилишини айтиб, Комила опага ногирон фарзандига қарагани учун ойлик маош тўлаш бўйича ҳам амалий ёрдам кўрсатилиши айтишди.
— Уй юмушларини қилиб юргандим, эшик таққиллиб қолди. Ким экан деб, эшикни очдим. Салом-аликдан кейин ишчи гуруҳ вакиллари эканликларини, хонадонма-хонадон юриб ишсиз ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароити ўрганиб юришганини айтишди. Бошида олдингидай яна ёзиб-ёзиб кетаверишса керак деган хаёл ўтди. Йўқ, ундай бўлиб чиқмади. Оилавий шароитимиз билан яқиндан танишишди. Қизимга ногиронлик аравачаси ва қизим қаровга муҳтожлиги сабаб маош тўланадиган ишларда ишлай олмаслигимни айтдим. Зум ўтмай қизимга ногиронлик аравачасини олиб келишди, — дейди Комила Маҳкамова.
— Ишчи гуруҳлар вакиллари уйма-уй юриб, ҳар бир хонадондаги ёшлар ва аёллар билан алоҳида мулоқотлар ўтказилмоқда. Энг асосийси анкета сўровномасида ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароитларини, қизиқишларини, интилишлари ва муаммоларини, бандлик масалалари ўрин олган. Бу эса ёшлар ва аёллар муаммоларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради, — дейди Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эркинжон Нуралиев. — Албатта, ўрганишлар давомида аниқланган маълумотлар асосида аёллар ва ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ўрганишлар кўламини янада ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу эса янада кўпроқ хонадонларга кириш имконини беради. Шу куни ЎзКУФК раиси ўринбосари Шавкат Жавлонов бошчилигида Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан бешариқлик хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тикувчилик цехида бўлишди. Бу ердаги яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қолаверса, ишчилар сонини 200 нафарга кўпайтиш мақсадида янги барпо этилаётган иншоотни ҳам кўздан кечиршди. Айтиш жоизки, айни пайтда бу ерда 20 нафар маҳаллий хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Янги иншоот қуриб, битказилгандан кейин, яна 200 нафар бешариқликлар ишли бўлади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Бешариқ туманида 62 та маҳаллада 40 минг 428 та хонадон бўлиб, уларда 227 минг 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 49 минг 168 нафарини 18-30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилса, 71 минг 208 нафари 30 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллардир. Ўрганишлар бошлангандан кейин беш кун давомида 16 минг 700 нафар аҳоли вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: