Мақсад — ишчилар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш
7 октябрь “Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” муносабати билан Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев бошчилигида Олтиариқ туманидаги фермер хўжаликларида ишчи-ходимлар учун хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги ўрганилди. Жумладан, касаба уюшма вакиллари тумандаги энг илғор “Нурли обод” фермер хўжалигида ҳам бўлиб, ишчилар учун яратилган шароитларни ўргандилар.
— Фермерни фермер қиладиган, содда қилиб айтганда бой қиладиган мана шу ишчилар, — дейди “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова. — Уларнинг меҳр билан ишлаши учун, аввало, муносиб иш шароити зарур. Уларнинг ўз вақтида дам олиши, хавфсиз меҳнат шароитида ишлаши учун зарур шароит яратиб бермасдан, кўзлаган мақсадга эришиб бўлмайди. Шунинг учун уларнинг саломатлиги, вақтида дам олиши, хавфсиз шароитларда ишлаши учун барча шароитларни яратиб қўйганмиз.
Ҳақиқатдан ҳам фермер хўжалигида ишчиларига яратилган шароитлар киши ҳавасини келтиради. Дала шийпонида дам олишлари, овқатланишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ер билан тиллашиш хадисини олган Лолахон Муротова жорий мавсумда ҳам катта зафар маррасини забт этиб, давлатга пахта сотиш режасини бажарди. Шу муносабат билан Олий мажлиси Сенати аъзоси, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Лолахон Муротовага вилоят касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: