Касаба уюшмалари ҳар доим ёнингизда…
Албатта, ҳар бир бажарилган ишнинг вақти келиб ҳисоби сўралади. Ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинади. Оддий қилиб айтганда, ғалвир сувдан кўтарилади. Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилотнинг ўтган беш йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди.Конференцияда Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида юртимизда қонун ижодкорлигини замонавий мезонлар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани, хусусан, «Меҳнат кодекси»га киритилган ўзгартишлар, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида», «Касаба уюшмалари тўғрисида» янги қабул қилинган қонунлар шулар жумласидан эканини алоҳида таъкидлади.Касаба уюшмаларининг жамиятда тутган ўрни тобора юксалиб, нуфузи кундан-кунга ортиб бормоқда. Аҳамият берсангиз, касаба уюшмалари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Ходимларга қулай ва хавфсиз иш шароитлари яратиш, ўзи ва оила аъзоларини соғломлаштириш, ишчи-ходимлар ўртасида оилавий спартакиадалар, ички туризм, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш, кам таъминланган аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш каби барча йўналишларда касаба уюшмаларининг ўрни бор.Президентимизнинг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам касаба уюшмалари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят бўйича 221 нафар эҳтиёжманд фуқарога саломатлигини тиклаши учун 697 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Кам таъминланган 4080 та оилага 3 миллиард 742 миллион 229 минг сўмлик маиший техника (газ плита, газ баллон, кир ювиш машиналари, чанг ютгич) жиҳозлари совға қилинди. Уй-жойи абгор 649 та оиланинг бошпанаси таъмирлаб берилди. Оғир шароитда яшаётган, уйсиз 116 та оила уй-жой билан таъминланди.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хусусан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш учун манзилли чора-тадбирлар дастури доирасида вилоятда 55 та йирик лойиҳани амалга ошириш орқали 5 минг нафардан зиёд хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, 1353 нафар аёлнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Фарғона, Бағдод, Сўх ва Қўштепа туманларида дастурга киритилган 10 та миллий ҳунармандчилик йўналишидаги бизнес-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали 850 нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 324 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди.Ўтган даврда вилоят бўйича хотин-қизлардан 1211 рақамли «Ишонч телефони»га 1061 та мурожаат келиб тушди ва уларнинг 60 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар эса қатъий назоратга олинган.Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш мақсадида иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида биргина 2019 йилнинг ўзида 9 минг 718 та корхона-ташкилот билан жамоа шартномалари тузилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларни касаба уюшмасига жалб этиш натижасида эса аъзолар сони вилоят бўйича 3,6 фоизга кўпайди, яъни 422 минг 902 нафарни ташкил этди.Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракати билан 5 йил мобайнида ходимларнинг 73 миллиард 738 миллион сўм муддати ўтган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ундириб берилди. Ҳисобот даврида 44 минг 818 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари орқали 80 минг 397 нафар ходимга ижтимоий кўмак чоралари қўлланилди. Ушбу мақсадлар учун 13 миллиард 408 миллион 535 минг сўм маблағ сарфланди.Ҳисобот даврида ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб иш берувчиларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 169 та тақдимнома, фуқаролик ишлари бўйича судларга 105 та даъво аризалари ва суд буйруғи чиқариш учун аризалар киритилди. Натижада, 845 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ходимларга 2 миллиард 374 миллион сўм миқдорида мажбуран бекор юрган кунлари учун иш ҳақи, ўз муддатида тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, соғлиғига етказилган зарар миқдори ундириб берилди.Ўтган давр мобайнида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Давлат дастурлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этди. Уларда белгиланган тадбирларни бажариш мақсадида 2015-2019 йиллар давомида 34 миллиард 877 миллион сўм маблағ сарфланди.Ички туризмни ривожлантириш учун 50 минг нафардан зиёд меҳнат фахрийлари ва ишчи-ходимлар учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида 51 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар спортнинг оммавий турларига қамраб олинди.Ёзги таътил кунлари ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун 5 йил мобайнида 21 та стационар болалар оромгоҳида 109 минг 991 нафар, 131 та кундузги болалар оромгоҳларида 112 минг 150 нафар бола, «Меҳнат-роҳат» болалар оромгоҳларида 1 минг 386 нафар касб-ҳунар коллежи ўқувчилари дам олдирилди. «Ҳар бир болага меҳр-эътибор керак!» шиори остида ўтказилган махсус ҳафталиклар диорасида 10 минг нафардан зиёд Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, иқтидорли ўқувчиларнинг жойлардаги музей, маданият ва истироҳат боғларига саёҳати уюштирилди.2019 йил шоҳимардонлик болалар учун унутилмас йил бўлди. Касаба уюшмалари саъй-ҳаракати билан вилоятнинг Шоҳимардон қишлоғида 50 ўринли болалар оромгоҳи ташкил этилди. Бу эса маҳаллий аҳоли учун катта қувончли воқеа бўлди. Конференцияда «Posco international textile» хорижий корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Гулнора Юсупова, «Қувасойцемент» АЖ касаба қўмитаси раиси Мақсуд Жабборов, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова, Фарғона вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар масалалари бўйича ўринбосари Топиболди Холдоров сўзга чиқиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар хусусида фикрларини билдириб ўтдилар.
– Фаолиятимиз бевосита касаба уюшмаларига боғлиқ, – дейди «Қувасойцемент» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Мақсуд Жабборов. – Бундан бир неча йил аввал «Қувасойцемент» АЖ собиқ раҳбари И.Настанин ишчилар манфаатига зид равишда жамият бошланғич касаба уюшма қўмитасининг розилик бермаганига қарамай ишчи Шокир Сохобов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. Бундан ташқари, касаба уюшма аъзоларидан ушлаб қолинган аъзолик бадалларини касаба уюшма қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказишни тақиқлаб қўяди. Қанча тортишмайлик, фойдаси йўқ эди. Пичоқ бориб суякка етгач, мазкур ҳолат юзасидан вилоят касаба уюшмаларига мурожаат қилишга тўғри келди. Мурожаатимиз атрофлича ўрганиб чиқилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви билан раҳбарнинг ғайриқонуний буйруғи бекор қилинди. Шокир Сохобов эса ишга тикланди. Аъзолик бадаллари ҳам касаба уюшма қўмитаси ҳисоб рақамига тушириб берилди. Албатта, бу биргина мисол, холос.
– «Posco international textile» МЧЖ шаклидаги чет эл хусусий корхонасидаги 4 та ишлаб чиқариш фабрикасида 3200 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари амалдаги жамоа шарномаси орқали муҳофазаланган, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Гулнора Юсупова. – Биз қандай ютуқларни қўлга киритган бўлсак, албатта, бунда касаба уюшмаларининг муносиб улуши бор. Корхонамиз бир неча бор меҳнат муҳофазасини энг яхши ташкил этган корхона сифатида эътироф этилиб, кўрик-танловларда фахрли биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.Кун тартибидаги масалалар ва муҳокамалардан сўнг бирлашма раёсати, кенгаши, назорат-тафтиш комиссияси таркиби аъзолари ҳамда Федерациянинг навбатдаги қурултойига делегатлар, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига эса Эркинжон Нуралиев сайланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: