64 нафар ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари тикланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали Фарғона шаҳар бўлими ишчи-ходимлари томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаакт қонун доирасида жамоатчилик асосида ўрганилди. Аниқланишича, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 22 февралдаги 21/21-сонли буйруқ-қарори билан тасдиқланган “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ходимларининг Коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишда ҳалоллик бўйича рағбатлантириш тўғрисида”ги Низоми қабул қилинган.
Мазкур низомнинг 3.7-бандида Жамият ижро аппарати ёки унинг қуйи тизими ташкилотлари ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари содир этилганда, коррупцияга оид ҳуқуқбузурлик содир этган бошқарма, бўлим ёки хизматларнинг (Жамият ижро аппарати, унитар корхоналар, филиаллар, туман (шаҳар) газ таъминоти бўлимлари) ходимларига 1 (бир) йил мобайнида барча турдаги рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар тўланмайди, – деб белгиланган.
Юқоридаги Низомга асосан “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 5 октябрдаги 115/115-сонли буйруқ-қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра “Фарғонашаҳаргаз” газ таъминоти бўлимининг 2022 йил 1 октябрдан барча ходимларга нисбатан бир йил давомида рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар тўланмаслиги белгиланган.
Ушбу буйруқга асосан “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг 2022 йил 28 октябрдаги 379/10-141-сонли буйруғи қабул қилиниб, унга кўра “Фарғонашаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходимларига нисбатан 3-чорак якуни бўйича рағбатлантириш пуллари тўлаб берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддасида “Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас”, – деб белгиланган.
Яъни, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари (иш берувчилар) томонидан чиқарилган буйруқлар, қабул қилинган қарорларда ходимлар ҳуқуқларини чеклаш, уларга ғайриқонуний мажбуриятлар юклаш билан боғлиқ қоидаларнинг мавжуд бўлиши ҳам ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганга қараганда ёмонлаштирадиган ҳолат хисобланади.
Юқоридаги Низомнинг 3.7-банди, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 5 октябрдаги 115/115-сонли буйруқ-қарори ҳамда “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг 2022 йил 28 октябрдаги 379/10-141-сонли буйруғи Меҳнат кодексининг 5-моддаси талабларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали директорига қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш тўғрисида жорий йил 24 ноябрь санасида Тақдимнома киритилди.
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали директори томонидан юқоридаги Тақдимнома қаноатлантирилиб, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали Фарғона шаҳар бўлимининг 64 нафар ишчи ходимларига 65 миллион 531 минг 895 сўм миқдоридаги рағбатлантириш маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ундириб берилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: