4 нафар аёлга иш ҳақи тўлови учун 309 млн. 109 минг 920 сўм ундириб берилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши томонидан 2022 йилнинг сентябрь ойида жамоатчилик асосида “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалида фаолият юритиб келаётган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши борасида амалга оширилган ишлар ҳамда уларга иш жараёнида яратиб берилаётган шароитлар ўрганилган эди.
Ўрганиш мобайнида банкда ишлаётган аёллар ва бошқа ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қўпол равишда бузиб келаётганлиги аниқланган эди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида тенг меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг иш ҳақи (мукофотни) ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар ишининг сифатини баҳолашга доир тенг ёндашув белгиланган бўлса-да, ушбу талаблар бузилиб, банкда ишлаётган бир гуруҳ аёл ходимлар – Н.Шокирова, Б.Фозилова, Ф.Исаметдинова ва Н.Норбоеваларга нисбатан иш ҳақига қўшимча тўланиши лозим бўлган устама ва иш стажи учун қўшимча тўловлари асоссиз равишда тўланмаганлиги аниқланган.
Шу сабабли ўрганишда аниқланган меҳнатга оид қонунбузиш ҳолатини баратараф этиш ҳақида иш берувчи “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалига тақдимнома киритилган.
Лекин тақдимнома бўйича тўловлар амалга оиширилмаганлиги сабабли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан ушбу фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво ариза билан мурожаат қилинган эди.
Кенгаш номидан берилган даъво аризалар салкам 7 ой давомида суднинг турли инстанцияларида кўриб чиқилиб, узоқ давом этган тортишувлар натижаси бўйича суднинг қарорлари билан ҳуқуқи бузилган аёлларнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларга жами 309 млн. 109 минг 920 сўм миқдорида иш ҳақига қўшимча тўлов ва маънавий зарар тўловлари тўлиқ ундириб берилишига эришилди.
А.Тураходжаев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши бош юрисконсульти.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: