ҲАР БИР ТАШКИЛОТДА КАСАБА УЮШМАСИ БЎЛИШИ КЕРАК
бу ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим!
Кейинги беш йилда касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Меҳнат жамоаларида ходимларга ҳар жиҳатдан эътибор ва рағбат кўрсатиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Фарғона вилоятида ҳам кейинги йилларда ўнлаб соғломлаштириш масканлари қурилди, фаолият кўрсатаётганлари реконструкция қилинди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида мунтазам равишда корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилиши таъминланяпти.
Вилоятда касаба уюшмалари аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими орқали муаммоларни ижобий ҳал этишда жонбозлик кўрсатмоқда. Хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлашда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида ташкил этилган “ишонч телефони”нинг ҳам аҳамияти беқиёс.
Президентимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан соҳа ходимлари ва фаолларига йўллаган байрам табригида келгуси фаолиятимизда дастуриламал бўладиган ташаббусларни илгари сургани бизни беҳад мамнун этди. Байрам табригида таъкидланганидек, бундан буён ҳам юртимизда бандликни таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда ижтимоий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланилади. Жамиятда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоятдаги ҳар бир корхона ва ташкилотда ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизими янада кучайтирилади. Ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига сарфланадиган ўртача маблағ миқдорини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланади. Бу мамлакатимизда тобора кенг қулоч ёзаётган “Инсон қадри учун” ғоясига ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча иш берувчи ва раҳбарлар бутун дунёда тан олинган ушбу қоидага амал қилишларини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Ана шунда жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади.
Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: