Ҳамширага 24 млн. сўм ундириб берилди
2021 йил 21 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг 2-хирургия бўлими ҳамшираси Наврўзой Мамажонова иш жойидаги лифтдан фойдаланиш чоғида лифтнинг шахтасига тушиб кетиши натижасида бахтсиз ҳодиса рўй беради.
…ўша куни Наврўзой Мамажонова ўзига бириктирилган беморларга муолажа қилиш мақсадида зина орқали 2-қаватга тушади. Муолажаларини тугатгач, ўз бўлимига тезроқ чиқиш учун лифт тугмасини босади. Лифт эшиги очилади, лекин лифт йўқлиги сабаб Н.Мамажонова ўз мувозанатини сақлай олмай, лифт шахтасига йиқилади. Фалокат натижасида ҳамширанинг ўнг ва чап қўли, тос суяги синади.
Бахтсиз ҳодиса натижаси олган жароҳатлари сабаб Наврўзой Мамажонова олти ой дард чекади.
Аммо иш берувчининг юридик хизмати ходимининг қонун талабларни етарли даражада билмаслиги натижасида жабрланувчи Наврўзой Мамажоновага қонунда белгилаб қўйилган товон ва зарар тўловларини тайинлаш тўғрисидаги муассасанинг буйруғи чиқарилмайди. Камига фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси эса бахтсиз ҳодиса ҳужжатларини етарли эмаслигини бахона қилиб, суғурта тўловларини тўлашни кечиктириб келади.
Мазкур муаммоли ҳолатни ўрганиш ва жабр кўрган ҳамширага ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспекцияси бўлган бахтсиз воқеани обдон ўрганиб чиқишга киришадилар.
Ўрганишлар давомида бахтсиз ҳодисанинг оқибатида жабрланувчига тўланиши керак бўлган товон ва зарар тўловлари миқдори аниқланади ва иш берувчининг мазкур тўловларни тўлаш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади. Шундан сўнг суғурта компаниясига бахтсиз ҳодисани суғурта ҳодисаси деб тан олишни сўраб алоқа хати юборилади.
Ҳолат бўйича Меҳнат инспекцияси, иш берувчи ва суғурта компанияси вакиллари ўртасида олиб борилган музокара ва тортишувлар натижасида касаба уюшмаларининг аралашуви билан суғурта компаниясидан жабрланувчи Н.Мамажонова ҳисобига 24 млн. сўм товон пули ундириб берилишига эришилади.
Равшан Фазилов,
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: