ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР ТЎЛАБ БЕРИЛДИ
Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 55-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти дефектологи Лола Маҳкамова салкам бир йилдан буён иккинчи малака тоифаси учун тўланиши лозим бўлган қўшимча тўловлар тўланмай келинаётганидан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Л.Маҳкамова 2012 йилда қайта тайёрлаш таълим муассасида ўқиган. 2016 ва 2018 йилларда ҳам дефектолог ўқув курслари бўйича малака ошириш курслари сертификатини, 2021 йил 24 сентябрда эса дефектология бўйича педагог кадрнинг аттестациядан ўтгани тўғрисида иккинчи малака тоифасини олган.
Мактабгача таълим вазирининг 2022 йил 24 майдаги 123-сонли (аввалги 2021 йил 23 августдаги 162-сонли) буйруғи 1-иловасида малака тоифасини олган педагог ходимларга базавий тариф ставкасида белгиланган миқдорда қўшимча ҳақ тўлаш назарда тутилган. Шундай бўлса-да, Л.Маҳкамовага 2021 йилнинг 24 сентябридан 2022 йилнинг июнигача иккинчи малака тоифаси учун иш ҳақига қўшимча тўловлар тўлаб берилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сонли қарори 3-бандига асосан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчилари, шунингдек, қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган. Яъни, юқоридаги қарор бандига асосан, Лола Маҳкамовага 2 миллион 998 минг сўм тўланиши керак эди.
Меҳнат кодексининг 9-моддаси ҳамда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарори билан Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан Лола Маҳкамовага иккинчи малака тоифаси учун жами 2 миллион 998 минг сўм қўшимча тўлов ҳамда маънавий зарар учун 3 миллион сўм ундирилиб, ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Авазхон ТЎРАХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши бош юрисконсульти.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: