ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТИЗИМИДАГИ СИҲАТГОҲЛАРГА ЙЎЛЛАНМАЛАР ОЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Маълумки, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимояси, меҳнат шароитини яхшилаш, иш самарадорлигини ошириш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун етарлича қулайликлар яратиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг асосий вазифаси ҳисобланади. Албатта, ходимларнинг саломатликларини тиклашда сиҳатгоҳлар ҳам муҳим ўрин тутади. Сиҳатгоҳга йўлланма олиш тартиби ва шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири Маъмурахон Ярбекова билан суҳбатлашдик.
Даставвал 2022 йил давомида касаба уюшмасига аъзо ишчи-ходимларни соғлаштириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумот берсангиз?
– Муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда инсон қадрини улуғлаш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришиш, муносиб турмуш тарзини яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз ҳам ўз фаолиятимизда инсон қадрини, манфаатларини устувор билиб, ишчи-ходимларнинг меҳнатига яраша ҳордиқ олиши, ўз саломатликларини тиклашларига катта эътибор қаратмоқдамиз. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан ўтган 2022 йил давомида 5690 нафар ишчи-ходимни соғломлаштириш кўзда тутилган бўлса, амалга 7808 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг ота-оналари республикамиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги сиҳатгоҳларда ўз саломатликларини тиклашди.
Шундан таълим соҳаси вакилларидан 576 нафарига, тиббиёт фидойиларидан 69 нафарига, давлат муассасаларида фаолият юритаётган ходимлардан 36 нафарига қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларидан 31 нафари, жами 712 нафар касаба уюшма аъзолари имтиёзли равишда бепул йўлланмалар асосида сиҳатгоҳларга юборилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги сиҳатгоҳлар ҳақида маълумот берсангиз?
– Ҳозирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида 28 та сиҳатгоҳлар фаолият юритмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Чинобод плаза”, “Турон”, “Чинобод”, “Назарбек”, Тошкент вилоятидаги “Заркент”, “Ботаника”, “Кўҳинур”, “Умид гулшани”, “Бўстон”, “Севарсой”, “Оқ-тош шаббода”, “Оқ-тош”, Сирдарё вилоятидаги “Янгиер”, Сурхандарё вилоятидаги “Хўжаипак”, “Термиз марвариди”, “Омонхона”, “Сангардак”, Жиззах вилоятидаги “Ҳавотоғ гулшани”, “Зомин”, Наманган вилоятидаги “Чортоқ”, “Косонсой”, Қашқадарё вилоятидаги “Қашқадарё соҳили”, Бухоро вилоятидаги “Ситораи Мохи хоса”, Хоразм вилоятидаги “Хонқа”, Навоий вилоятидаги “Олтинсой”, Самарқанд вилоятидаги “Абу Али Ибн Сино”, Андижон вилоятидаги “Хонобод” ва вилоятимиздаги “Чимён” сиҳатгоҳлари кардиология, неврология, гинекология, терапия, урология, овқат хазм қилиш органлари, эндокринология, гинекология, нафас олиш органлари, ревмотология, ҳаракат-таянч, гастроэнтерология каби қатор йўналишларда фаолият олиб бормоқда.
Мазкур сиҳатгоҳларда ишчи-ходимлар ўз саломатликларини тиклашлари учун қулай шароитлар яратилган. Сўлим ва бетакрор табиати билан бирга, замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган, малакали шифокорлар эса аниқ ташхис асосида даволаш ишларини олиб боришади.
Жорий йилда ҳам яна минглаб ишчи-ходимларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги сиҳатгоҳларга юборишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Сиҳатгоҳга борувчи ишчи-ходим юқорида айтганимиздек, ўзига маъқул келган сиҳатгоҳни танлаб, сиҳатгоҳга йўлланма олиш учун ўзининг иш жойида тузилган касаба уюшмаси қўмитасига мурожаат қилишлари лозим.
Шу ўринда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларга йўлланмалар олиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
– Йўлланма бериш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тасдиқланган “Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисида” йўриқнома асосида тартибга солинади. Сиҳатгоҳга йўлланма ходимга 2 йилда 1 маротаба навбат асосида берилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, касаба уюшмасига аъзо ишчи-ходимлар учун йўлланма суммаларининг 55 фоизи касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 45 фоизи эса йўлланма олаётган ишчи-ходим томонидан қопланади.
Ходим Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги сиҳатгоҳга йўлланма олиш учун ўзининг иш жойида тузилган бошланғич ташкилотга мурожаат қилади ва ўзига маъқул келган сиҳатгоҳни танлаб, сиҳатгоҳга йўлланма ажратиш бўйича ариза топширади. Ходимнинг аризасини қабул қилиниб, сиҳатгоҳга йўлланма олиш учун мурожаатларни рўйхатга олиш китобига навбат билан киритади.
Шунингдек, ходимдан касаба уюшмаси қўмитасидан йўлланмани олиш учун ариза, тиббий маълумотнома, паспорт нусхаси, меҳнат дафтарчаси нусхаси ёки электрон тизимдан кўчирмаси, меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, йўлланма қиймати қисман тўлангани (йўлланма нархининг 45%) тўғрисидаги тўлов қоғози, йўлланмалар уларнинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 20 кун аввал берилади.
Йўлланма олган ишчи-ходимлардан сиҳатгоҳ томонидан яна қандай ҳужжатлар талаб этилади?
– Ходим сиҳатгоҳга йўлланма, шахсини тасдиқловчи хужжат ва тиббиёт муассасасидан олинган сиҳатгоҳ-курорт картаси билан бирга белгиланган кунда ташриф буюради. Сиҳатгоҳ ходимни йўлланмаси ва паспорт маълумотларига асосан даволаш картасини очади ва тиббий кўрикдан ўтказади. Тиббий кўрик хулосасига асосан ходимга даволаш муолажалари ва таомнома белгиланади. Ходим сиҳатгоҳда тегишлилиги бўйича 10 ёки 12 кун давомида соғломлаштирилади ва йўлланмасида белгиланган муддатда сиҳатгоҳдан қайтади. Ходим сиҳатгоҳдан қайтгандан сўнг касаба уюшмаси қўмитасига сиҳатгоҳ йўлланмасининг қайтариш таълонини тақдим этади.
Ҳурматли Маъмурахон Ярбекова. Бугунги мазмунли суҳбатимиз давомида касаба уюшмасига аъзо ишчи-ходимларнинг ўз саломатликларини тиклашлари бўйича бир қатор керакли маълумотларни бериб ўтдингиз. Ўйлаймизки, ишчи-ходимлар мазкур маълумотлардан унумли фойдаланиб, табиати сўлим ва замонавий архитектура дизайни асосида қурилган сиҳатгоҳларда ўз саломатликларини тиклашади.
Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: