ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК!
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Фарғона вилоятида ҳам байрамни муносиб тарзда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, фахрийларнинг холидан хабар олиш, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ички туризм лойиҳаси бўйича ишчи-хизматчиларни республикамизнинг турли тарихий шаҳарларига саёҳатларини уюштириш каби бир қатор тадбирлар режалаштирилган.
Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ўтказилган байрам тадбири ҳам соҳа фидойиларини эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида ташкил этилди.
Тантанада вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, вилоят, шаҳар секторлари раҳбарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, уюшма ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари Х.Бозоров бугунги кунда Фарғона вилоятида корхона-ташкилотларда 10 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фидокорона меҳнат қилиб келаётгани ҳамда касаба уюшмалари ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратишда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикчилик асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, йил бошидан буён 1368 нафар ишчи-хизматчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш орқали 1 млрд 634 млн.дан зиёд иш ҳақлари, маънавий ва со-лигига етказилган зарарлар ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилгани эътироф этилди.
Сўнгги йилларда тизимга қаратилган эътибор натижасида касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланганини алоҳида таъкидлаган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев соҳа ходимларини самимий қутлаб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби яратилганини эътироф этди. Хусусан, биргина “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида вилоятда 74 минг 463 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 60 та лойиҳада минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминлангани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканлиги айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан 2022 йилда 11 минг 600 нафар болажонларнинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли дам олишларига эришилди. Бундан ташқари, 26 минг 202 нафар ишчи-ходимларнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби тарихий шаҳарларга ва диққатга сазовор жойларга саёхатлари ташкил этилди. Шунингдек, 1368 нафар ишчи-ходимларнинг касаба уюшма аралашуви билан ҳуқуқлари тикланди.
Байрам тадбирида Федерация томонидан эълон қилинган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” каби танловларнинг вилоят босқичи ғолибларига диплом, пул мукофотлари, эсдалик совғалари тантанали топширилди.
– Мени қисқа фурсатдаги камтарона меҳнатларим Ўзбекистон касаба уюшлари Федерацияси томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” кўрик танловида эътироф этилиб, вилоят босқичида фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилди. Рости ҳозир ҳаяжондаман. Бу эътироф менинг келгуси фаолиятимда катта масъулият юклайди. Эндиликда ишимга бўлган масъулиятни янада ошириб, хотин-қизларимизни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишда, уларнинг муаммоларини ҳал этишга бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман. Албатта, билдирилган юксак ишончни ўз меҳнатим билан оқлайман, – дейди “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” йўналиши бўйича танлов ғолиби, Олтиариқ туманидаги “Устоз” МФЙ хотин-қизлар фаоли Комила Ғиёсова.
Таниқли хонандалар томонидан ижро этилган дилбар тароналар йиғилганларга манзур бўлиб, байрамона кайфият улашди.
Байрам тадбирлари доирасида турли маънафий-маърифий тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши етакчи мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: