ЭНДИ САЙЁРА ТИКУЧИЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНАДИ
Фарғона вилоятининг Фурқат тумани “Ардахшон” маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёрахон Йигиталиева шижоатли ёшлардан бири.
Сайёра ҳозирда 25 ёшда. Отасидан эрта айрилган, онаси билан яшайди. У ёшлигидан тикувчилик ҳунарига қизиқади. Бироқ, шу кунгача оилавий шароити замонавий тикув машинасини олиш имконини бермаётганди.
Яқинда у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгашига тикув машинаси олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Сайёранинг мурожаати ҳамда оилавий шароити масъуллар томонидан ўрганиб чиқилиб, тез фурсатда мурожаат ижобий ҳал этилди.
Унга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан замонавий тикув машинаси туҳфа этилди.
– Менга замонавий тикув машинасини совға қилишганидан жуда хурсандман. Энди онамга ҳам рўзғор ишларида ёрдам бераман, ҳам маҳалламиз аёлларига кўйлак тикиб, қўшимча даромадга эга бўламан, – дейди С.Йигиталиева. – Менинг мурожаатимни эътиборда четда қолдирмаган касаба уюшма вакилларига катта раҳмат. Мен, албатта, билдирилган ишончни оқлайман.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: