ШҲТнинг Самарқанд саммити: Юртимиздаги фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми
Бугун оммавий ахборот воситалари орқали Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласини диққат ва катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим.
Ҳа, Юртбошимиз ёзганидек, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда. ШҲТнинг Самарқанддаги саммити Ўзбекистонда ўтказилган саммитларнинг тўртинчиси бўлиб, бундай муҳим халқаро тадбир 2004, 2010 ва 2016 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.
Мазкур мақолада мамлакатимизда айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозимлиги, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатли эканлиги хусусида сўз боради. Албатта, самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тарақиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ўз мақолаларида қўшни Афғонистон давлати билан яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, Афғонистонни ривожлантириш масаласи бўйича ҳам фикр юритгани эътиборга лойиқдир. Ҳа, мақолада ёзилганидек, афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.
Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
Мазкур нуфузли саммитнинг кўҳна ва навқирон Самарқандда ўтказилишида ҳам маъжозий маъно бор. Азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган. Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган. Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди.
Самарқанд ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштирга қодир шаҳардир. Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, ШҲТнинг Самарқанд саммити дунёнинг барқарор ривожланишига салмоқли ҳисса қўшадиган нуфузли анжуман бўлиб тарихда қолади.
Аброр ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бўлим мудири.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: