ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНЯПТИМИ?
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, бу борадаги ишлар Фарғонада ҳам тизимли йўлга қўйилган бўлиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори уюшқоқликда амалга оширилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимининг йиғилиш баёнига асосан вилоят ҳокимлиги, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар, бошқармаларда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳолати ўрганилмоқда.
Ана шундай ўрганишлар “Farg‘onaazot” акциядорлик жамиятида ҳам ўтказилиб, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ўрганилди.
Корхонада ҳозирги кунда жами 6625 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг 2376 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Корхонада 3 тартиб (смена)ли иш ташкил этилган бўлиб ишчи-ходимларни ишга олиб келиш ва олиб кетиш учун корхона томонидан белгиланган маршрутлар асосида автобуслар қатнови ташкил этилган.
2022 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 87-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкотда Хотин-қизлар хуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Корхона бошланғич Хотин-қизлар ташкилоти раиси Умида Ахунжанова томонидан хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, миллий қадриядларни улуғлаш, жамоадаги хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, гендер тенглик масалалари бўйича ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий-ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида жамоада тизимли ишларни олиб бораётгани аниқланди.
Бугунги кунда корхонада турли лавозимларда 19 нафар раҳбар аёллар фаолият олиб бормоқда. Раҳбарлик лавозимларига 7 нафар захира аёл кадрлар шакллантирилган.
Хотин-қизларни касбий салохиятини ошириш мақсадида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 11 нафар аёллар учун корхона томонидан контракт пул тўловлари тўлаб берилган. Шунингдек, жорий 2022-2023 йил учун ҳам 4 нафар аёллар тўлов контракт пуллари ўтказиб берилди.
Ижтимоий-ҳимояга мухтож бўлган хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, режа бўйича манзилли ишлар ташкилланган, касаба уюшма қўмитаси томонидан 211 нафар хотин-қизлар соғлигини тиклаш учун жарроҳлик амалиётига жами 162 млн. 100 минг сўм моддий ёрдам ажратиб берилган. Яқин қариндошлари вафот этганлиги муносабати билан 40 нафар аёллар учун 34 млн. 400 минг сўм, янги оила қураётган ёш қизларнинг 11 нафарига 11 млн.сўмлик моддий ёрдам ажратилган, корхонада ишловчи 42 нафар ногирон фарзанд тарбиялаётган аёлларга байрам саналари муносабати билан озиқ-овқат тўпламлари ва хўжалик жиҳозлари мунтазам бериб борилади.
Корхонада 522 нафар икки ёшгача, 200 нафар уч ёшгача бўлган бола парвариш таътилидаги аёллар рўйхати шакллантирилган ҳамда белгиланган қонунчиликка ва жамоа шартномасига мувофиқ пул тўловлари тўлаб келинмоқда.
Жамоада соғлом турмуш тарзини тадбиқ қилиш, аёллар спортини ривожлантириш мақсадида кунлик бадантарбия машғулотлари ташкил этилиб, цехларда спорт хоналари ташкилланиб, замонавий спорт жиҳозлари – велотренажёр, югуриш йўлаги, турник, стол тенниси билан таъминланган.
2022 йил биринчи ярим йиллиги давомида корхонада ишловчи аёлларнинг 33 нафарига санаторий ва сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар берилган. Шундан 6 нафар хотин-қизларга йўлланмалар бепул берилган.
Бундан ташқари, хотин-қизлар учун туристик саёҳатлар ташкил этилиб, 2022 йил давомида 98 нафар аёллар Республикамизнинг турли қадимий шаҳарларида туристик саёҳатда бўлдилар.
Шунингдек, жамоада ишчи-ходимларга психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида 2022 йил январь ойида психолог Наргизахон Эргашева ишга қабул қилинган. Психолог томонидан психодиагностик методикалар ҳар бир цехларда ходимлар иштирокида босқичма-босқич ўтказиб келинмоқда. Психологнинг алоҳида хонаси ташкил этилган бўлиб, зарурий жихозлар билан таъминланган. Корхонадаги алоҳида психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан якка тартибда психоконсультациялар ўтказиб келинмоқда.
Корхона ишчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида корхонада Даволаш соғломлаштириш диагностика цехи фаолият юритади. Бу ерда ҳар бир ишчи-ходим йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилиб, натижаларга асосан ходимларга тиббий ёрдамлар кўрсатиб келинади. Тиббий кўрик натижасида 8 нафар аёллар стационар даволашга ҳамда 17 нафар аёлларга санатор-профилакторий даволаш муассасаларига тавиялар берилди. 1 нафар аёлга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йл 10 июл 200-буйруқ 10-банди 7-иловасига мувофиқ соғлигига кўра бошқа ишга доимий муддатга ўтказиш тавсия қилинган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур корхонада жамоа шартномасида аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш учун алоҳида имтиёз ва кафолатлар белгиланган ҳамда ички меҳнат тартиб-интизом қоидалари ишлаб чиқилган ва ушбу қоидалар билан барча ишчи-ходимлар ҳамда ишловчи хотин-қизлар таништирилган.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: