ХОДИМ ЎЗ ВАЗИФАСИГА ҚАЙТА ИШГА ТИКЛАНДИ
Фарғона шаҳрида яшовчи Гулзода Мадаминова ишга тиклаш масаласида Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерациясининг Фарғона вилоят кенгашига мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, мурожаатчи Г.Мадаминова Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг 2021 йил 1 февраль кунги буйруғи билан мудофаа ишлари бўлинмаси бошлиғининг ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинган.
Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг 2021 йил 1 апрель кунги буйруғи билан сафарбарлик резерви бўлинмаси ҳисобчиси, 2022 йил 5 январь кунги буйруғи билан яна Мудофаа ишлари бўлинмаси бошлиғининг ёрдамчиси лавозимига ўтказилган.
Буни қарангки, Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг 2022 йил 28 декабрь кунги буйруғи билан Г.Мадаминова ўз хизмат мажбуриятларини етарли даражада бажармаганлиги ва виждонан ёндашмаганлиги сабабли Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан унга нисбатан “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Бироқ иш берувчининг мазкур буйруғи амалдаги меҳнат қонунчилигига зид равишда қабул қилингани маълум бўлди.
Биринчидан, Меҳнат кодексининг 182-моддасида Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.
Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Лекин иш берувчи буйруғ чиқаришда ундан тушунтириш хати олинмаган, камига буйруқ билан таништирилиб тилхат олинмаган.
Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 178-моддасида ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари билан олдиндан таништирилиши лозимлиги белгиланган бўлса-да, Г.Мадаминовага лавозим мажбурияти ва унга юклатилган меҳнат вазифалари таништирилганлиги ҳақида ҳужжатларни тақдим этмаган. Бу эса унга нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораси асоссиз берилишига сабаб бўлган.
Шунингдек, Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг 2023 йил 17 февраль кунги буйруғи билан Г.Мадаминова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-қисмига асосан 2023 йил 21 февраль кунидан бекор қилинган.
Ушбу ҳолатда ҳам иш берувчининг мазкур буйруғи меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда чиқарилган.
Яъни Меҳнат кодексининг 107-моддасида иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87-, 89-, 97-, 100-, 105-, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.
Лекин иш берувчининг буйруғида Меҳнат кодексининг 100-моддасининг 3-қисми баён қилинган бўлиб, кодекснинг ушбу бандида “Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно” эканлиги белгиланган.
Мазкур иш судда кўриб чиқилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан Гулзода Мадаминова Фарғона шаҳар мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғининг ёрдамчи лавозимига ишга тикланиб, мажбурий прогул кунлари учун жами 4 млн. 525 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди.
А.Тураходжаев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши бош юрисконсульти.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: