ХОДИМНИ МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА ИШДАН БЎШАТИШ КИМГА КЕРАК ЭДИ?!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, иш жараёнида саломатлиги ёмонлашганлиги сабабли товон пули ундириш ва бошқа меҳнат муносабатлари бўйича ишчи-ходимлардан бир қатор мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хусусан, яқинда Бешариқ тумани Ободонлаштириш бошқармасида иқтисодчи лавозимида ишлаб келаётган Элёр Носировдан шу мазмунда мурожаат келиб тушди.
Унда Бешариқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи 2022 йил 30 майдаги тегишли буйруғига асосан Э.Носиров билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилингани ҳамда мазкур буйруқни қабул қилинишида қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги баён этилади.
Яъни, Э.Носиров Бешариқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига бошқа ишга ўтаётганли сабабли лавозимидан озод қилишини сўраган бўлса-да, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг буйруғига асосан бекор қилинган. Бундан ташқари, Э.Носиров билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 99-моддаси 1-қисмига асосан 14 кунлик муддат ўтганидан кейин 2022 йил 31 май кунидан бекор қилиниши тўғрисида 2022 йил 30 май куни огоҳлантириш муддати тугамасдан буйруқ расмийлаштирилган. Бу билан Меҳнат кодексининг 99-моддаси 1-қисми бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишда 14 кунлик муддатни хисоблашда қўпол қонун булиш ҳолатига йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддаси 1-қисмида “Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт”, деб белгиланган.
Э.Носировнинг мурожаатини ўрганиш давомида у билан сухбатлашилганида Бешариқ тумани ҳокими томонидан Бешариқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига уни мажбурий тартибда ишдан бўшатиш бўйича босимлар бўлганлигини, Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Э.Носировга мажбурий тартибда ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олганлигини маълум қилди.
Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон касаба уюмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судига ходимни ишга тиклаш тўғрисида даъво аризаси киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2022 йил 15 августдаги ҳал қилув қарорига асосан Бешариқ тумани Ободонлаштириш бошқармасининг 2022 йил 30 майдаги № 2022-107-11-153-ОВ-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилди ва бекор қилинди.
Бундан ташқари, Э.Носиров ишга тикланиб, унга 9.518.000 сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи ва 4.000.000 сўм маънавий зарар ундириб бериш бўйича қарор қабул қилинди.
М.Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: