Ходимларнинг ҳақиқий ҳимоячиси
…Ферузбек Бегназаров Бешариқ туманидаги Кўп тармоқли марказий поликлиникада врач бўлиб ишлайди. Кутилмаганда унинг уйида ёнғин содир бўлди. Яхшиларнинг ёрдами билан офат тезда бартараф этилди. Аммо барибир уйи анчагина зарар кўрди. Ҳолатдан хабар топган касаба уюшма қўмитаси дархол ёрдамга ошиқди. Қўмита йиғилиши ўтказилиб, Ферузбекка моддий ёрдам ажратилди. Бу савобли ишга иш берувчи ҳам ўз улушини қўшди. Жабр кўрган ходимига бир ойлик иш ҳақи миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг ҳамкорликдаги бу ёрдами Ферузбекка катта мадад бўлди.
Аҳоли саломатлиги йўлида туну кун хизмат кўрсатиб келаётган Бешариқ туман тиббиёт бирлашмасида 3 минг нафардан ортиқ саломатлик посбонлари меҳнат қилиб келмоқда.
Уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари жамоа шартномасида ўз аксини топган бўлиб, ҳар бир ходимнинг моддий ёрдамдан тортиб, саломатлигини мустаҳкамлашгача бўлган муҳим масалалар мана шу ҳужжатда ўрин олган.
Амалий ёрдамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилда 21 нафар тиббиёт ходими касаба уюшмалари тасарруфидаги сўлим сиҳатгоҳларда саломатликларини ¬мустаҳкамлаб қайтган бўлса, касаба уюшмалари томонидан тақдим этилган бепул йўлланма асосида Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Кўпайсин Темирова ва тиббиёт коллежи ўқитувчиси Гуллола Тожиева “Умид гулшани” санаторийсида даволаниб келди.
Ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасидаги муносабатларни янада яқинлаштириш мақсадида турли спорт мусобақалари, спартакиадалар ташкил этилмоқда. Муассасада волейбол, енгил атлетика, футбол жамоалари тузилган бўлиб, вилоят миқёсида ўтказилиб келинаётган мусобқаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Ходимларни мазмунли дам олдириш, саёҳатларга олиб бориш ҳам анъанага айланган. Йил бошидан буён 100 нафардан зиёд ходимлар тарихни ўзида мужассамлаштирган Самарқанд, Хоразм, Бухоро ва кундан-кунга чирой очиб бораётган Тошкент шаҳрига саёҳатга олиб борилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, йил якунига қадар яна 50 нафар тиббиёт ходимларининг кўҳна шаҳарларга саёҳатга олиб бориш режалаштирилган. Албатта, бу каби саёҳатлар аъзоларни чиқимдор қилмаган ҳолда, касаба уюшмалари томонидан бепул амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда ходимларнинг 90 нафар фарзанди ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдирилди. Шу кунгача ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларнинг 77 нафарига моддий кўмак кўрсатилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ходимларнинг 75 нафар фарзандига ўқув қуроллари олиб берилди.
Қолаверса, ютуқларимиз билан бемалол мақтанишимиз мумкин. Жорий йилда “Меҳнатни муҳофаза қилиш” бўйича ўтказилган республика танловида “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинациясида ғолибликни қўлга киритдик. Бу ютуқ барча жамоадошларимни рухлантириб юборди. Узоқ йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, меҳнат қилган инсон, албатта, эътироф этилар экан. Бундан кейин ҳам аъзоларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўмакдош бўлиш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолади.
Мақсудахон Тожибоева,
Бешариқ туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: