Фарғонада 11 минг 600 нафардан ортиқ болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли дам олдилар
Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан ёш авлод тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилиб, уларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда муносиб ўрин топишларига кўмаклашиш ҳам давлатимизнинг доимий эътиборидадир. Айниқса, ёзги таътил даврида болажонларнинг ҳордиқ чиқаришлари ва соғломлаштирилишида болалар оромгоҳлари фаолияти муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу йил ёзги таътилни фарғоналик болажонлар мароқли ўтказгани, кўплаб бадиий адабиётлар ўқигани, турли спорт машқларини ўрганганликлари, энг муҳими ёдда қоларли тарзда ўтказганликларига шубҳа йўқ.
Ҳа, халқимизнинг эзгу фазилатлари сирасига кирувчи болаларни ардоқлаш хислати, ҳаётнинг энг тотли неъматларини фарзандларига илиниш туйғуси, келажагимиз ворисларига янада яхшироқ шароит яратишга интилиш Янги Ўзбекистонда давлатимизнинг устувор йўналишларининг биридир.
Бу йил анклав ҳудуд Сўхда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қарийб 5 гектар майдонда барпо этилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиши сўхликлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. 200 ўринга мўлжалланган оромгоҳда ёзги мавсум давомида 700 нафардан зиёд болажонлар дам олдилар.
“Сўх” оромгоҳида ўғил-қизларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши билан бирга, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини оширишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Тантанали равишда фойдаланишга топширилган ушбу муҳташам ва замонавий типда бунёд этилган иншоот – Сўх болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам Президентимиз ташаббуси ва эътиборлари натижаси, десак асло муболаға бўлмайди.
Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ташаббуси билан анклав ҳудудда жойлашган Шоҳимардон қишлоғидаги болалар оромгоҳи яна ўз фаолиятини бошлади. Қарийб чорак асрдан сўнг оромгоҳда яна ўғил-қизларнинг шодон кулгиси янгради. Атрофи пурвиқор тоғ билан ўралган сўлим оромгоҳда жорий мавсумда 3 навбатда Фарғона тумани, хусусан, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлар мароқли дам олиши учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Фарғонадаги оромгоҳлар вилоят ёшларидан ташқари, Қорақалпоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг бир гуруҳ ёшларини ҳам ўз бағрига олди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қорақалпоғистонлик 300 нафар ўғил-қизлар ёзги таътилни Қўқон шаҳридаги “Коинот” болалар оромгоҳида ўтказишдилар. Сўлим ва баҳово гўшада жойлашган масканда Оролбўйидан келган болалар мароқли дам олдилар.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти ҳокимининг ташаббуси билан қирғизистонлик ўғил-қизлар Фарғона туманининг қир-адирлар қўйнида жойлашган “Тонг” болалар оромгоҳига ҳордиқ чиқариш учун таклиф этилди. Улар катта тантана билан оромгоҳда кутиб олинди. Сўлим гўша икки қардош элнинг шодон кулгуси билан файзга тўлди.
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳининг тизимли топшириқлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг бевосита иштироки билан вилоятдаги болаларни соғломлаштиришга даҳлдор масъул идоралар ва ташкилотларнинг жонкуярлиги натижасида вилоятдаги 20 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 11 минг 600 нафардан ортиқ ёшлар мазмунли дам олдилар.
Оромгоҳларда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида тўгараклар мунтазам равишда фаолият юритди. Айниқса, “Хумо” оромгоҳида 1162 нафар, “Коинот” оромгоҳида 1296 нафар, “Кимёгар” оромгоҳида 1343 нафар, “Ниҳол” оромгоҳида 901 нафар ва “Чимён” оромгоҳида 709 нафар ёшлар ёзни завқли ўтказдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”лардаги оилалар ҳамда оилавий болалар уйининг 1051 нафар фарзандлари бепул йўлланмалар асосида дам олдилар.
Болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун пухта тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилди. Болаларнинг билим ва маҳоратларини ошириш учун футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, расм, рақс, адабиётшунослар, рус ва инглиз тилларидан тўгараклар ташкил этилди. Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган тўгаракларда тенгдошлари билан бирга иштирок этиб, билимларини мустаҳкамладилар.
Бундан ташқари, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатларнинг ташкил этилиши ёшларга олам-олам қувонч улашди. Нафақат болалар, уларнинг ота-оналарининг ҳам давлатимиздан ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлардан рози эканлиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоянинг устуворлигидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, мароқли таътилдан янги ўқув йилига отланган ёшлар, албатта, аъло баҳоларга ўқиб, дарсларни пухта ўзлаштириб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган комил инсонлар бўлиб камол топадилар.
Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: