Фарғонада кооперация усулида топинамбур етиштириш йўлга қўйилмоқда
Кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Фарғона вилояти штаби раиси ўринбосари Орзигул Қозихонова Фарғона шаҳридаги Ёрмазор ва Оқариқобод маҳаллаларида фуқароларнинг кооперация тизими орқали уйда даромад топишларига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ёрмазор маҳалласидаги Ҳоким ёрдамчиси Баҳодиржон Ҳомидов томонидан “Доно” кооперациясига асос солиниб, бугунги кунда биринчи босқичда синов тариқасида ҳудуддаги 60 та хонадонларга 300 та қуён ва унинг озиқ-овқатлари тарқатилди.
– Қуён тез кўпаядиган жонивордир. Битта қуён 5-6 та ва ундан кўпроқ болалаши мумкин. Биз 3 ой ўтганидан сўнг аҳолидан қуёнларни 600 та қилиб қайтариб оламиз. Қолган қуёнлар эса фуқароларнинг ўзида қолади, – дейди Б.Ҳомидов.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан топинамбур, яъни ер ноки уруғлари ҳам тарқатилиб, ишсиз фуқаролар ўз томорқаларида ушбу доривор ўсимликни етиштиришмоқда.
– Топинамбур кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Шу боис бу ўсимликни уй шароитида етиштиришни йўлга қўймоқдамиз. Ундан тайёрланадиган кукун юрак қон-томир касалликларидан азият чекаётган, қандли диабет билан оғриган беморлар учун фойдали ҳисобланади. Биз фуқароларимизга ўсимлик уруғини бепулга тарқатдик. Ўсимлик пишганидан кейин бозор нархида ўзимиз сотиб оламиз, – дея суҳбатни давом эттирди Баҳодиржон Ҳомидов.
Орзигул Қозихонова шунингдек, Оқариқобод маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Искандар Юнусов ва маҳалла мутасаддилари билан ҳудуддаги бир нечта хонадонларга ташриф буюриб, бу ҳудудда ҳам қуёнчилик кооперацияси борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Масъуллар билан суҳбат давомида аниқ чора-тадбирлар асосида иш ташкил этиш, аҳолини мўмай даромад топишига кўмаклашиш, фуқароларнинг кооперация тизими орқали уй шароитида даромадли бўлишига эришиш бўйича кўрматмалар берилди.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: