“ФАЙЗ”ДА ФАЙЗЛИ КЕЧА
Мустақиллик байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ишчи-ходимларнинг 38 нафар фарзандларига суннат тўйи ўтказилди
Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев ва Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари А.Салиховлар иштирок этиб, мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий рўйхатлардаги фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритдилар.
Тўй болаларнинг ҳар бирига ташкилотчилар томонидан кийим-кечак, велосипед ва бошқа эсдалик совғалари ҳамда 1 миллион сўмдан пул маблағлари топширилди.
Санъаткорларнинг наволари даврага ўзгача файз, болалар ва уларнинг оила аъзоларига олам-олам завқ бағишлади. Айниқса, болаликни мадҳ этувчи қўшиқлар ва жозибали рақслар тўй иштирокчиларига янада қўтаринкилик бахш этди.
Тадбирда ҳозир бўлган нуронийлар эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, Ватан ободлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб, дуо қилдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: