УЗЛУКСИЗ 30 ЙИЛЛИК МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ ҲАМ ИНОБАТГА ОЛИНМАГАН ЭДИ…
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича йўлга қўйилган самарали тизим туфайли ишчи-ходимлардан келган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, яқинда “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалида ҳайдовчи лавозимида 30 йилдан буён ишлаб келаётган С.Турғунов мурожаат қилди.
Унда “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг 2022 йил 21 июндаги №340-к-сонли буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан штатлар қисқариши сабабли бекор қилингани баён этилади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасида ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилиши кўрсатиб ўтилган.
Мурожаатчи С.Турғунов 1992 йилдан буён мазкур ташкилотда ҳайдовчилик вазифасида ишлаб келади. Мазкур 30 йиллик меҳнат фаолияти ҳамда 4 нафар фарзанди борлиги ишдан бўшатишда инобатга олинмаган.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ўрганилганда, ходимларни малака ва меҳнат унумдорлигини баҳолашда барчалари бир хил турдаги автотранспорт воситаларини бошқаришлари инобатга олинмаган ва уларни ишчи комиссия томонидан малакаси ва меҳнат унумдорлиги кўриб чиқишда қўпол хатоликларга йўл қўйилгани ойдинлашди.
Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманларо судига С.Турғуновнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун даъво аризаси киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманларо судининг ҳал қилув қарорига асосан “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг 2022 йил 21 июндаги №340-к-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, ходим ўз лавозимига ишга тикланди.
Шунингдек, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарар учун лавозим маошининг 1 баравари миқдорида пул маблағлари ундириб берилишига эришилди.
М.Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: