Ташвишларни аритганларга ташаккур
Фарида Мисирова Қувасой шаҳрида яшайди. Ишсиз эди. Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари асносида «Аёллар дафтари»га рўйхатга олинганди. Табиатан меҳнаткаш, камсуқум бу аёл ишчи гуруҳ билан суҳбатда бажонидил ишлашини айтганди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракати билан унга «Кварц» АЖда фаолиятини бошлаш мумкинлиги маълум қилинди.
– Шу пайтгача ошхоналарда идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлаб
юргандим, – дейди Фарида Мисирова. – Ҳар кимга нолимасам-да, қўлим совуқ сувдан чиқмагани учунми, хасталанадиган бўлиб қолдим. Бунинг устига турмуш ўртоғим ҳам тайинли бирор жойда ишламайди. Кунлик топиб келгани рўзғоримизга аранг етади. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, хонадонимизга келган ишчи гуруҳнинг ёрдами билан орзуим ушалди. Ҳозирда «Кварц» АЖда ошпазман. Маошим ҳам яхши. Асосийси, ишга жойлашганимдан кейин оиламизга барака кирди. Мендек аёлларнинг тақдирига бефарқ бўлмай, ташвишларимни аритган яхши инсонларга миннатдорлик билдираман.
Тўлқиной Болтабоева ҳам Фарида Мисирова сингари ишсиз юрган аёллардан бири эди. Икки боласини боқиш, хаста эрига қараш зиммасига тушган Тўлқиной Болтабоева ҳам ўрганишлардан сўнг «Аёллар дафтари»га киритилди.
– Ишчи гуруҳга раҳмат. Оилавий шароитимни ўрганиб, мени «Кварц» АЖга ишга жойлаштиришди, – дейди
Тўлқиной Болтабоева. – Бу ерда шароитлар яхши. Маошим ҳам чакки эмас. Айни пайтда рўзғоримиз бут бўлди. Муҳими, доимий ишим борлигидан хурсандман.
Айтиш жоизки, «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичида Қувасой шаҳрида 1 минг 948 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, уларга пешма-пеш кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Марҳабохон НАБИЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг Ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: