Сўхда мактаб директори ишга тикланди
Сўх туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директори Адолатхон Нишонова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб ёзма мурожаат қилади.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда тегишли соҳа вакиллари томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижасида меҳнат шартномасини бекор қилинишида қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида “Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади”, деб белгиланган.
А.Нишонова томонидан йўл қўйилган камчиликлар 2022 йилнинг февраль ойида аниқланган бўлсада, у билан тузилган меҳнат шартномаси олти ой ўтганидан сўнг август ойида бекор қилиниб, юқоридаги қонун талаблари қўпол равишда бузилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига аниқланган қонунбузулиш ҳолатларини бартараф этиш ва А.Нишоновани ишга тиклаш бўйича юборилган тақдимномага асосан А.Нишонова ўз лавозимига, яъни, Сўх тумани халқ таълими бўлимига қарашли 1-умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасига ишга тикланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: