СОЛИЕВ ҲАҚИҚАТАН ҲАМ ДАСТЛАБКИ СИНОВДАН ЎТМАГАНМИДИ?
Учкўприк тумани Юлғунзор қишлоғида яшовчи Ж.Солиев “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти Учкўприк туман филиали томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан норози бўлиб, меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига ариза билан мурожаат қилди.
Аниқланишича, Ж.Солиев “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти Учкўприк туман филиалининг 2022 йил 5 августдаги тегишли буйруғига асосан Учкўприк газ тўлдириш шахобчаси газ баллонларини тўлдирувчи вазифасига 3 ойлик синов муддати билан ишга қабул қилинган.
Филиал раҳбарининг 2022 йил 23 сентябрдаги буйруғига асосан Ж.Солиев билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 87-моддаси (дастлабки синовдан ўта олмаганлиги)га асосан бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорининг 12-бандида “Синовдан ўта олмаганлиги сабабли ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинишининг қонунийлигига оид даъволарни кўришда судлар бир қатор ҳолатларни эътиборга олиши кераклиги ўрин олган.
Жумладан, иш берувчи билан фақат синовнинг натижалари қониқарсиз бўлганда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли, ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланган ишни бажара олмаслиги аниқ фактлар асосида тасдиқланган бўлиши лозим, деб белгилаб қўйилган.
Бироқ, иш берувчи томонидан ходимни синовдан ўта олмаганлигини исботловчи ҳеч қандай асослари мавжуд бўлмаса-да, шартномани синовдан ўта олмаганлигини асос қилиб бекор қилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига Ж.Солиевни бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти Учкўприк туман филиалининг 2022 йил 23 сентябрдаги буйруғи бекор қилиниб, Ж.Солиев ўз вазифасига ишга тикланди.
Шунингдек, унга етказилган моддий ва маънавий зарар учун 17 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилишига эришилди.
Мансуржон Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: