Сермаҳсул йил бўлди
Мамлакатимизда кучли ижтимоий йўналтирилган сиёсат олиб бориш, бунда одамларнинг дарду ташвишларини, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг илдизларини аниқлаш, тезкор, тўғри ва самарали ечим топиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги олти йилда касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Меҳнат жамоаларида ходимларга ҳар жиҳатдан эътибор ва рағбат кўрсатиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 23 ноябрь куни имзоланган Қонунга асосан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланган бўлиб, мамлакатимизнинг барча жойларида ушбу санага бағишланган турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Вилоятимиздаги 10 мингдан ортиқ корхона ташкилотларда касаба уюшмалари хизмати ташкил этилган бўлиб, уларда ишчи-хизматчилар фидокорона меҳнат қилиб келмоқдалар. Касаба уюшмалари давлат идоралари билан ёнма-ён туриб, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Шунингдек, вилоятимиздаги корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратишда фаол иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз томонидан хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш, бандлиги таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳаётдан рози яшашларига эришиш йўлида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги ишларни амалга оширишда “Аёллар дафтари” тизими муҳим ўрин тутмоқда. Биргина, жорий йилда “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичида вилоятимиздаги 74 минг 463 нафар хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишда ва уларни қўллаб-қувватлашда ҳам касаба уюшмалари фаоллари жонбозлик кўрсатишди.
Шунингдек, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уй шароитида даромад топишларига эришиш, турмуш шароитларини янги босқичга олиб чиқишга эришиш мақсадида кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тасдиқланган 60 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали, касаба уюшмалари кўмагида 13 мингдан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Эндиликда бу фуқаролар ўз хонадонларида касаначилик орқали даромад топмоқдалар.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикчилик асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён 1368 нафар ишчи-хизматчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш орқали 1 млрд 634 млн.дан зиёд иш ҳақлари, маънавий ва соғлигига етказилган зарарлар ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.
Касаба уюшмалари доимий равишда ишчи-хизматчиларнинг соғликларини тиклаш йўлида қайғуриб келади. Жорий йилда касаба уюшмаси томонидан 8 минг 600 нафардан зиёд ишчи-хизматчилар республикамиздаги “Чинабод плаза”, “Оқ тош”, “Зомин”, “Заркент”, “Чимён” каби барча шарт-шароитларга эга, замонавий сиҳатгоҳларда саломатликларини тиклашларига кўмаклашилгани меҳнат жамоаларида иш унумдорлиги оширишда катта аҳамият касб этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Сангардак”, “Шафран”, “Кўҳинур”, “Чинобод плаза”, “Заркент” ва “Янги ер” каби ўнлаб янги санаторийлар қурилиб, ўз иш фаолиятини бошлади.
Шунингдек, корхона, ташкилотларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзолари, ишчи-хизматчилар, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг тарихий шаҳарлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга мунтазам равишда саёҳатлар ташкил этиб келинади. Биргина, жорий йилнинг 10 ойи давомида фарғоналик 26 минг 202 нафар ишчи-ходимларнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қўқон каби тарихий шаҳарларга ва диққатга сазовор жойларга саёхатлари ташкил этилганини мамниният билан айтиш жоиздир.
Бундан ташқари, бу йил Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан Бўзатовлик 300 нафар болажонларнинг, 70 нафар нуронийларнинг, 100 нафар хотин-қизларнинг Фарғонага ташрифлари ҳам амалга оширилди. Улар вилоятдаги сиҳатгоҳлар ва оромгоҳларда соғликларини мустаҳкамладилар.
Биргина 2022 йилда вилоятимиздаги 19 та болалар ёзги оромгоҳида 11 минг 600 нафар болажонларнинг ёз таътилини мазмунли ўтказишларига кўмаклашилди. Бундан ташқари, анклав ҳудуд Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қарийб 5 гектар майдонда 200 ўринли “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиши барчамиз учун йилнинг энг қувончли воқеаларидан бири бўлди. Мазкур оромгоҳда бу йил 700 нафар сўхлик болажонлар мароқли дам олдилар. Шунингдек, қўшни Қирғизистонлик 54 нафар болажонларнинг вилоятимиздаги “Тонг” болалар оромгоҳида дам олишгани яқин қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
Президентимизнингн ўткан йили Касаба уюшмалари ходимларига йўллаган байрам табригида илгари сурилган ғоялар асосида бугунги кунда барча корхона ёки ташкилотда, албатта, касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар, улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши йўлида тизимли ишлар бошлаб юборилмоқда. Хусусан, ҳозирда нодавлат-нотижорат ташкилотларда ҳам касаба уюшмалари фаолиятини йўлга қўйиш, бошланғич ташкилотлар очиш, у ердаги ишчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб бормоқдамиз.
Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Фарғона вилоятида ҳам байрамни муносиб тарзда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, фахрийларнинг холидан хабар олинди. “Мурувват” ва “Саховат” уйларида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ички туризм лойиҳаси бўйича ишчи-хизматчиларни республикамизнинг турли тарихий шаҳарларига саёҳатлари уюштирилди.
Бир сўз билан айтганда, касаба уюшмалари “Инсон қадри учун” шиори остида самарали ишларни олиб бормоқда.
Эркинжон Нуралиев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: