«Риштон» оромгоҳи болажонлар билан гавжум
Риштон туманидаги “Риштон” оромгоҳи 1- ва 2- мавсумда 120 нафардан ўғил-қизни ўз бағрига қабул қилиб олди. Айни дамда бу сўлим гўша болаларнинг шўх-шодон кулгуси билан янада файзга тўлган.
Серсоя ва сўлим гўшада жойлашган мазкур оромгоҳда болажонларнинг мазза қилиб дам олиши учун барча шарт-шароит яратилган.
Оромгоҳда болажонларнинг билим ва маҳоратларини ошириш учун Ёш дастурчи, инглиз тили, футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол каби тўгараклар ташкил этилган. Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган тўгаракларда тенгдошлари билан бирга иштирок этиб, билимини мустаҳкамламоқда.
— Фарғона вилоятидаги 8 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш департаменти тасарруфига ўтказилди. Хусусан “Риштон” оромгоҳида ҳам мавсумга тайёргарлиш ишлари юқори уюшқоқликда олиб борилди. Оромгоҳ ошхонаси, кутубхона, ётоқхона ва тиббиёт хонаси жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер жамланмалари, телевизорлар, овоз кучайтиргичлар, генератор каби бир қатор зарурий воситалар билан таъминланди, — дейди департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Раҳимов. — Жумладан, оромгоҳ ҳудудида сув таъминоти тақчиллиги бартараф этилиб, ер қаъридан сув чиқарилиб, сув минораси ўрнатилди.
— Оромгоҳда болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Шуҳратжон Муяссаров. —Ошхона стол-стуллари, ётоқхонадаги кароватларнинг барчаси янгиланди. Бир сўз билан айтганда, болажонлар ҳар бир куни мазмунли ва таассуротларга бой ўтиши учун барча шароитлар муҳайё этилган.
— Оромгоҳга биринчи марта келишим, — дейди 6-синфни тамомлаган Мохларойим Темирова. — Китоб ўқишни яхши кўрганим боис, дастлаб кутубхонага кирдим. Кутубхона менга жуда ёқди. Бу ердан ўзимга ёққан китобларни олиб ўқияпман.
Бу ерда яратилган шароитлар болажонлар учун манзур бўлмоқда. Спорт майдончалари, бой китоб фондига эга кутубхона, ошхона болалар ихтиёрида. Албатта, бу ерга ташриф буюрган болалар улкан таассуротлар билан қайтиши шубҳасиз.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: