РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО АРИЗАСИ…
Феруза Темирова Бағдод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида директор лавозимида ишлаб келган.
Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан Ф.Темирова ўртасида 2020 йил 18 февралда тузилган меҳнат шартномасига 2021 йил 9 мартда қўшимча банд киритилиб, шартнома муддати бир йил этиб белгиланган. Натижада муддат ўтиб Ф.Темирова билан тузилган меҳнат шартномаси Мактабгача таълим бошқармаси томонидан 2022 йил 11 март куни бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасида “Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш” ушбу модданинг биринчи қисмида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади, деб белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасида “Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш” ушбу модданинг иккинчи қисмида “Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади”, деб белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, 17-сонли ДМТТ директори Ф.Темирова билан 2021 йил 9 март куни тузилган муддатли меҳнат шартномасининг муддати 18 кунга ўтказиб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандида “Давлат мактабгача таълим муассасаси мудири билан меҳнат шартномаси бир йил муддатга тузилади”, деб белгиланган. Лекин мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 майдаги 320-Қарорининг 2-иловасига кўра ўз кучини йўқотган.
Фуқаро Ф.Темирова ўз ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритади. Бироқ суд даъво аризасини рад қилади. Шундан сўнг Фарғона вилоят судига даъво аризасини киритади. Мазкур суд томонидан ҳам даъво аризаси рад қилинади.
Шундан сўнг Ф.Темирова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилиб, иш ҳужжатлари ва барча маълумотларни тақдим этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикоятини тайёрлаб киритишга ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, суд мажлисида иштирок этиб беришни сўрайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашининг саъй-ҳаракати билан жорий йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича кассация судлов ҳайъати томонидан ўтказилган суд мажлисида Бағдод тумани 17-ДМТТ директори Ф.Темирова ўз лавозимига қайта ишга тикланди.
Шунингдек, Ф.Темировага Фарғона вилояти Мактабгача таълим бошқармасидан мажбурий прогул ва маънавий зарар учун 14 млн. сўмдан зиёд пул маблағлари ундириб берилди.
М.Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: