“Меҳнат инспекцияси фаолиятининг асосий йўналишлари” мавзусида семинар-тренинг
Ўзбекистон тарихидаги янги даврда, янги имкониятлар замонида яшаяпмиз ва ишлаяпмиз.
Хусусан, касаба уюшмалари тизимида ҳам сўнги йилларда бўлаётган ижобий ўзгаришларга монанд тарзда янгича қараш, янгича услубда ишлар ташкил этилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига асосан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаларининг инспекциялари ташкил этилди.
Касаба уюшмалари инспекциялари фаолиятининг муҳим бир йўналиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган қонун-қоидалар бузилишини барвақт аниқлаш ва уни тезкор бартараф этиш чораларини кўриш, яъни соҳага оид профилактика ишларини амалга ошириш ҳамда амалий ёрдам кўрсатишдир. Бу йўналишда семинар-тренинглар ҳам ташкил этиш асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 30 мартида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси томонидан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги касаба уюшмалари ходимлари учун “Меҳнат инспекцияси фаолиятининг асосий йўналишлари” мавзусида Фарғона вилоятида минтақавий семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши катта мажлислар залида онлайн&офлайн форматда олиб борилди ҳамда “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида муҳандис-техниклар, ходимлар иштирокида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфааларига ҳамда теҳник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилишини ўрганиш билан давом эттирилди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси, жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш шўъбаси ходимлари, Федерациянинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоят Кенгашларининг меҳнат нспекторлари, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош мутахассислари ҳамда тармоқ Республика Кенгашларининг ҳудудий меҳнат инспекторлари иштирок этди.
Семинар-тренингда Ўзбекистонда охирга йилларда олиб борилаётган оқилона сиёсат, унинг натижасида оддий халққа ва меҳнаткашларга қаратилган эътибор, шунингдек касаба уюшмалари инспекцияси Низоми, “Касаба уюшмаларининг инспекциялари, инспекторлар учун фаолиятни тўғри ва самарали ташкил этиш бўйича қўлланма” мазмун-моҳияти, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби, Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт тизимида меҳнат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тавсиялар иштирокчилар эътиборига етказилди.
Шунингдек, “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятига ташриф давомида у ерда меҳнат қонунчилиги нормаларининг тўғри қўлланилиши, ходимларга яратилган шарт-шароитлар бўйича тажриба алмашиш иштирокчиларда ёрқин таассуротлар қолдирди.
Жамиятда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Семинар якунида унинг иштирокчилари ушбу йўналишда ўзининг билим ва салоҳияти, тажриба ва кўникмалари бир поғона ошганлиги ҳамда соҳага оид керакли маънавий озуқа олганликларини эътироф этишди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: