Меҳнат инсонни юксак марраларга етаклайди
Фарғона вилоятида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни маҳаллаларидан чиқмаган ҳолда даромад топишларига кўмаклашиш мақсадида туман ва шаҳарларда кооперациялар ташкил этилиши натижасида мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган бағдодлик Гулнора Усмонова бугун энг кўп иш берувчи аёлга айланди. Ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг молиявий кўмаги билан “Гулнора Матқулобод бодомлари” кооперациясига асос солган эди. Яхши ниятда бошланган хайрли ишга касаба уюшмалари ҳам камарбаста бўлди.
Ҳеч бир иш ўз-ўзидан юришиб кетмайди. Ишни олдинга юриши учун, аввало, меҳнат ва изланиш даркор. Гулнора опа изланишдан, меҳнат қилишдан қочмайдиган қишлоқнинг содда, самимий аёлларидан. Ишни бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, кооперацияда меҳнат қилиб, даромад топаётганлар сони бугун 500 нафардан ошди.
— Ишимизнинг бу даражада юришиб кетишида касаба уюшмаларининг роли жуда катта бўлди, — дейди “Гулнора Матқулобод бодомлари” кооперацияси раҳбари Гулнорахон Усмонова. — Авваллари ишимизни қўл меҳнати билан бажарар эдик. Дастгоҳ олишга эса сармоямиз етмас эди. Касаба уюшмалари томонидан ажратилган маблағ эса ишимизни янги босқичга олиб чиқди. Ажратилган маблағ эвазига 25 та бодом пўстлоғини юпқалаштиришга мўлжалланган ускуналар харид қилдик. Бунинг натижасида ишимизнинг сифати ошиб, меҳнатимиз янада енгиллашди. Аста-секин ишимиз юришиб кетди. Буюртмалар сони ошди. Табиийки, харидорлар сони ошгач, ишчи кучига эҳтиёж сездик. Шундан сўнг ишсиз юрган аёлларни ишга жалб қилдик. Айни пайтда кооперацияда 500 нафардан ортиқ аёллар меҳнат қилиб, даромад топмоқдалар.
Айтиш керакки, кооперацияда иш кўлами анча кенг бўлиб, 1 ойда 50 тонна бодом қайта ишланади. Эътиборли жиҳати, ҳудуддаги 500 нафар опа-сингилларимиз шу ерда меҳнат қилиб, бандлиги таъминланмоқда. Ишчиларга яхши томони тадбиркорнинг ўзи аъзоларнинг уйига маҳсулотни олиб бориб беради ва тайёр бўлган маҳсулотни ўзи яна олиб кетади.
Суҳбатлашиб билдикка, бу ерда меҳнат қилаётганларнинг ойлик-маошлари чаки эмас. Ишчилар, бажарган ишига қараб, 3 млн. сўмгача иш ҳақи олишмоқда экан.
Ойгул Қодирова кооперацияга аъзо бўлиб, кам бўлгани йўқ. Ҳар 15 кунга маош олиб рўзғорини тебратмоқда. Асосийси, муқим иш жойи борлигидан мамнун.
— Қишлоғимиз туманнинг энг чеккасида жойлашганлиги сабаб тузукроқ иш топиш мушкул. Кооперацияга аъзо бўлишимдан аввал уйда ишсиз ўтирган эдим. Кооперация очилгач, шу ерга ишга кирдим. Маошларимиз ҳам ёмон эмас. Ойига 3 млн. сўмгача ойлик оляпман.
Айни пайтда тадбиркор Гулнорахон Усмонова кооперацияни яна кенгайтиришга киришган. Меҳнат қилиб, яхши даромад топмоқчи бўлган қишлоқдошларига бодом кўчатларини тарқатмоқда. Бодом хосилга киргач, хосилни яна ўзи сотиб олади.
— Қишлоқ жойда деярли барчанинг томорқаси бор. Бўш жойга 5-10 туп бодом кўчатини экса, 3 йилда росмана хосилга киради. Бодом хосилини яна ўзимиз бозор нархида сотиб оламиз, — дейди тадбиркор Гулнорахон Усмонова. — Кейинги йилдан бодом кўчатларини қўшни туманлардаги томорқачиларга ҳам бепулга етказиб беришни йўлга қўймоқчимиз. Бу орқали эса иш кўлами кенгайиб, ишчилар сони янада ортади.
Дарҳақиқат, бу юртда ишлаган, меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди. Меҳнати ортидан роҳат топиб, қишлоқдошлари-ю, ишсиз юрган аёлларни бир сафда жамлаб, уларни бандлигини таъминлаб келаётган Гулнорахон Усмонова Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Президентимиз Фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Биз эса меҳнати билан эъзозу ҳурмат топаётган Гулнора опага улкан зафарлар тилаб қоламиз. Зеро, бу юртда меҳнат қилган инсон эъзоз топади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: