Мақсад – муносиб меҳнат шароитини яратиш!
Ортда қолган 2022 йил тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилган ишларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлашга қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти тизимидаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан олиб борилган ишларда ҳам инсон қадри ва манфаатига алоҳида эътибор қаратилди. Устав талаблари асосида, юқори ташкилот қарорлари ижроси, нодавлат секторидаги корхоналарни касаба уюшмасига жалб қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликларни ундириш, молиявий интизомга риоя этиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, давлат дастурлари ижроси, суғурта маблағларидан фойдаланиш, маънавият соатлари ва спорт тадбирларининг ўтказилиши, туризмни ровожлантириш каби масалаларига аҳамият қаратилди.
Касаба уюшмаси тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда қабул қилинган жамоа шартномасининг 2021 йил якуни ва 2022 йилга қўшимчалар қабул қилишга бағишланган йиғилишлар ўтказилди. Жамоа шартномаси бажарилиши якунига бағишланган йиғилиш ва Конференцияларда масъул ташкилотчи билан биргаликда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари, тармоқ Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши мутахассислари ҳам иштирок этдилар.
Йиғилишларда иш берувчи вакиллари билан музокаролар олиб борилиб, жамоа шартномалари бандларининг тўлиқ бажарилиши, хотин-қизлар учун қўшимча имтиёзлар киритилиши, ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларга яратилган хавфсиз иш ўринлари, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиш, дизинфекция ишларини олиб бориш, бемор ишчи-ходимларга моддий ёрдамлар кўрсатиш каби масалалар юзасидан тавсиялар берилди.
2022 йилга қабул қилинган Давлат Дастури ижроси бўйича жамоа шартномалари орқали 112 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишдан олдин, 105 нафар ходимларга юбилей саналари муносабати билан иш берувчилар ва касаба уюшмаси томонидан моддий ёрдам ва эсдалик совғалар топширилди. Шунингдек, корхоналарда ишлаб нафақага чиққан 250 нафар пенсионерларга, тармоқ корхоналарида кам таьминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 1450 нафар фарзандларига, кам таьминланган оила вакилларидан 532 нафарига иш берувчилар ва касаба уюшмаларидан модий ёрдамлар кўрсатилди, ўқув қуроллари олиб берилди. 8 та корхонада 15 нафар олий ўқув юртида таҳсил олаётган иқтидорли кам таъминланган ва чин етим талабаларга контракт шартнома пуллари қоплаб берилди. Бундан ташқари, ёш оилаларга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 21 нафар оилага фоизсиз ссудалар ажратилди.
Ишчи-ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида республикамиздаги касаба уюшмалари тасарруфидаги сиҳатгоҳларда ўз саломатликларини тиклашлари учун 161 нафар ишчи-ходимларга имтиёзли, шундан 6 нафарига бепул йўлланмалар берилди. Ишчи-ходимларининг ота-оналарини соғломлаштириш учун касаба уюшма бюджетидан 32 дона йўлланмалар ажратилди, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида 519 нафар болалар имтиёзли, шундан 256 нафари бепул соғломлаштирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши меҳнатни муҳофазаси қилиш инспектори билан биргаликда меҳнат муҳофазаси йўналишида ишчи-ходимларга хавфсиз иш ўринлари яратилиши, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, иш ўринларини шаҳодатлаш, махсус кийим-бош билан таъминлаш бўйича бир қатор корхоналарга амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, ишчи-ходимларни тарихий обидаларга саёҳатларини уюштириш, кўҳна ва қадимий шаҳарларда улуғ аждодларимизнинг илм-фан, маданият ва маънавият ривожига қўшган ҳиссаси ва Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада юксалишида уларнинг роли катта эканлиги ҳақида таассуротларга эга бўлишларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 84 нафар ишчи-ходимларимиз Хоразм, Тошкент ва Самарканд шаҳарлари бўйлаб ҳамда корхоналар томонидан 3 985 нафарнинг вилоятимиздаги тарихий жойларга саёҳатлари уюштирилди. Бундан ташқари, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида 56 нафар ходимлар Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига, 45 нафар ходимлар эса Наманган вилоятининг Чодак дам олиш масканига, касаба уюшмалари куни муносабати билан 35 нафар ходимлар Наманган шаҳридаги Афсоналар боғига саёҳатларга олиб борилди.
Тармоқ тизимидаги ишчи-ходимлар ўртасида мунтазам равишда спорт мусабоқалари ўтказилиб, ғолиблар тармоқ кенгаши томонидан эсдалик совғалар ҳамда фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилди. Турли байрамларда тармоқ тизимида узоқ йиллар меҳнат килган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича ўтказилган танловнинг республика босқичида “Энг яхши ташкилот” номинацияси бўйича “Sof tex” МЧЖ фахрли 1-ўринни эгаллаб, республика кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
2022 йил давомида 34 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти очилиб, 1 528 нафар ишчи-ходимлар касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилинди. Нодавлат секторидаги корхоналар – Данғара туманидаги “Аyubxon textile”, Фурқат туманидаги “INTEXS”, “Рўзиматжон ота”, Фарғона шаҳридаги “GLOBAL TEXTILE”, “EKO PLASTIK”, “SANFA PRODUKTS”, “Feyxan-teks”, “Farg’ona BS Tekstil», Қўштепа туманидаги “GLOBAL TEXTILE”, Бағдод туманидаги “FERGHANA SPINNING”, Қўқон шаҳридаги “BULUT TEXTILE”, Фарғона туманидаги “Ekokerama”, Қўқон эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Қўқон Гипс”, “Oliy sifat sari savdo”, “ИЧ Маҳсулот”, “Sandoz”, “ММA Kamtar begoyim” масъулияти чекланган жамиятлари, “Ёрқин” хусусий ишлаб чиқариш фирмаси, Риштон туманидаги “FAYZ AKROTEKS” қўшма корхонаси, “Protex To’qimachi” МЧЖларига борилиб касаба уюшмаси аъзолик афзалликлари бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, Риштон туманидаги кулолчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар – Баҳодиржон Мирзаев, Абдуманноб Сафоев, Шукуржон Пирматов, Абдулазиз Мамажонов, Абдурашид Сатторовлар билан ишчи-ходимларни касаба уюшмасига жалб қилиш, касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари, меҳнат конунчилиги¸ меҳнат муҳофазаси юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти тизимидаги касаба уюшма ташкилотлари ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратиш асосий омил сифатида қаралмоқда. Бу борадаги ишларни жорий йилда янада ривожлантириш пировард мақсадимиздир!
М.Абдуллаева,
Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: