МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИНГ ОЛДИ ОЛИНАДИ
Куни-кеча Президентимиз раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлат хизматини халқни рози қиладиган тизимга айлантириш, раҳбарларни тайёрлаш ва танлаш, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.
Давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиши, тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилган мазкур тизим ижобий натижа бергани таъкидланди. Йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилиши, номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши давлат давлат хизматини ҳар томонлама ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қонунда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек иш билан таъминлаш тамойиллари ва ушбу соҳадаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш механизмлари белгиланган. Халққа хизмат қилиш давлат хизматининг асосий тамойилларидан бири эканлиги қайд этилди.
Ҳужжатда давлат хизматига номзодлар мустақил танлов асосида ёлланиши ва уларнинг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиландиа. Давлат хизматчиларининг самарадорлиги ва ваколатини баҳолаш мезонлари, уларнинг малакасини ошириш талаблари белгиланган.
Қонун давлат хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва манфаатлар тўқнашувларининг олдини олиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Қонунда одоб-ахлоқ қоидaларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши, ўз хизмат мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда ўз даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши, давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шартлиги каби мажбуриятлар ўрнатилгани айни муддао бўлди.
Давлат хизматидаги коррупцияга қарши курашга бағишланган алоҳида бобда давлат хизматчиларига совғалар олиш ва бериш қоидалари, шунингдек коррупция хавфи юқори бўлган лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг ротацияси талаблари каби профилактика механизмлари белгиланган.
Эндиликда ваколатли орган — Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (ЧИН — давлат хизматчисининг расмий мавқеи даражаси) берилади.
Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.
Бундан ташқари, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирлар олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятлари юкланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун мамлакатда давлат фуқаролик хизматлари сифатини тубдан ислоҳ қилишга, тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини камайтиришга, шунингдек, ахоли орасида давлат хизматчиси лавозимининг жозибасини ошириб, истеъдодли ва муносиб фуқароларга давлат хизматчиси лавозимларига кириш учун тенг имкониятлар яратади.
Аброр Отабоев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,
Фарғона вилояти “Келажак лидерлари” клуби аъзоси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: