Малиначилик кооперациясида истиқболли режалар бисёр!
Фарғона вилояти Фарғона тумани аҳолисининг малина етиштиришда катта тажрибага эга эканлиги барчамизга маълум. Кейинги йилларда бу ҳудудда малиначилик кооперациялари ва малиначилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида амалий ишларнинг бошлангани ҳудуд аҳолиси учун айни муддао бўлди.
Абдуғаффор Мамажонов раҳбарлигидаги “Водил Довудбек” мева-сабзавотчиликка кластери қошида 41 гектар майдонда малиначилик кооперацияси ташкил этилиб, 280 нафар ишсиз хотин-қизлар иш билан таъминланди. Уларга 15 сотихдан ер майдонлари аукцион орқали 10 йиллик ижара шартномаси асосида берилди.
Бундан ташқари, Элёрбек Нишонов раҳбарлигидаги “Vodiy Raspberry” малиначилик кооперациясида 80 нафар хотин-қизлар малина етиштиришни йўлга қўйдилар.
Жорий йил ҳар иккала кооперация томонидан мамлакатимиз ички бозорларига 50 тоннага яқин малина етказиб берилди. Яқин истиқболда қурилиши бошланган 200 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхонани якунлаш ва ишга тушириб, малинани сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспортга жўнатиш каби юмушлар устида бош қотираётган тадбиркорларнинг режалари амалга ошса, яна ўнлаб, юзлаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланажак.
Куни-кеча кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вилоят штаби аъзоси Расулжон Раҳимов туманнинг малина етиштиришга ихтисослашган маҳаллаларида бўлиб, хонадон эгалари билан малина етиштириш, унинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида мулоқот қилди. Шунингдек, малиначилик кооперацияларини кенгайтириш бўйича масъуллар билан суҳбатлашди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: